Кекса ёки ногирон шахсни қараб турганлик учун пул тўланадими?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сон қарорига асосан давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унинг 61-бандида қуйидагилар келтирилган.

I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга ёки 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болага, шунингдек, 80 ёшга тўлган кексаларга қараб туриш вақти:

қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномаси;

ногиронликда бўлганликни (I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва ногиронлиги бўлган болалар учун), ёшни (кексалар ва ногиронлиги бўлган болалар учун) тасдиқлайдиган ҳужжатлар ва ўзганинг парвариши зарурлиги тўғрисида (кексалар учун) даволаш муассасасининг тиббий хулосаси асосида белгиланади.

Қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномаси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ходимларидан ва шахслардан сўраб чиқиш, шунингдек, уларнинг қўшниларидан сўраб чиқиш асосида Пенсия жамғармаси бўлими томонидан тузилади.

I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга ёки 80 ёшга тўлган кексаларга қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномаларини расмийлаштиришнинг даврийлиги ҳар 12 ойга белгиланади. Қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномалари I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ёки 80 ёшга тўлган кексаларнинг маълумотлари сақланаётган пенсия ишига тикиб қўйилади ва/ёки Пенсия жамғармасининг ахборот тизимига юкланади ва қараб турган шахсга пенсия тайинлашда иш стажига киритиш учун асос ҳисобланади.

Қараб туришнинг ҳолати ногиронлиги бўлган болани ўз қарамоғига олган оиланинг аъзоси учун ҳам татбиқ қилинади.

Қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномалари мавжуд бўлмаганда қараб туриш ҳолати суднинг қарори асосида белгиланади.

Юқоридагиларга асосан I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга ёки 80 ёшга тўлган кексаларга қараб туриш вақти учун иш стажи юритилади, пенсия қонунчилиги бўйича пул тўловлари назарда тутилмаган.

 

РАВШАНБЕК ДЖУМАНИЯЗОВ

Пенсия жамғармаси туман

бўлими бошлиғи.


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари