Одам савдосига барҳам бериш олий мақсадимиздир

        Дарҳақиқат, юртимиз мустақиллиги шарофати ила қўлга киритилган ҳаётимизнинг барча жабҳаларида таборо ҳуқуқий ислоҳатлар амалга оширилиб, доно халқимизнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти шаклланиб, ўзига хос тарзда кенг дунёқарашга эга бўлиб бораётгани асло муболаға эмас. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳатлар натижасида правард мақсад сари илдам қадамлар ташланиб халқимизнинг орзу-умидлари рўёбга чиқиб, ўзига хос моҳият касб этмоқда. Ҳар қандай эзгу ишлар халқимизнинг эзгу мақсадлари сари хизмат қилиши шубҳасиз. Бугунги кунда энг долзарб масалалардан бири бўлиб келаётган одам савдосининг олдини олиш, ўз вақтида ундай мудҳиш жиноятларга қарши курашиш борасида муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тўғри, инсон гоҳ билиб, гоҳида эса билмасдан турли хил хатоларга йўл қўяди. Бироқ, ҳар бир хатони ўз вақтида тўғирлаб, имкон қадар хато қилмаслик учун тафаккур қилиш, ақл элагидан ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

Одам савдоси, яъни ушбу қабиҳ жиноят туфайли қанчадан қанча беайб инсонлар азият чекади. Энг аввало одам савдоси каби жиноятларга барҳам бериш, уни олдини олиш борасида ҳуқуқий норматив база шаклланган. Шунингдек, 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Жиноят Кодексида одам савдоси билан шуғулланиб юрган кимсаларга нисбатан қилмишига яраша жиноий жавобгарлик белгиланган. Бу каби жиноятлар ҳудуд ва чегара танламайдиган энг оғир жиноятлардан бири бўлиб ҳисобланади.

Бир пайтлар одам савдосидан жабр кўрганлар сони ортиб, арз-додини кимга айтишни билмай юрган юртдошларимиз талайгина эди. Шундан сўнг, яъни 2008 йил 17 апрелда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши айни муддао бўлиб, бу каби жиноятларнинг ўз вақтида олдини олиш ва унга қарши муттасил курашишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш билан бирга, одам савдосидан жабрланганларга нисбатан ҳар томонлама ёрдам кўрсатишнинг чораларини ўз ичига олди. Айниқса, бугунги кунда ҳам дунё бўйлаб энг мураккаб муаммолардан бири бўлиб келмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, у гиёҳвандлик восталари ва қурол-яроғ савдосидан кейин, яъни учинчи ўринни эгаллаб турганлиги билан ўта хавфлидир. Шундай экан, уюшган жиноятчилик, халқаро терроризм, норкобизнес, қурол-яроғ аслоҳаларини ноқонуний сотиш билан боғлиқ бўлган ўта оғир жиноятлар қаторида турган одам савдосининг ҳар қандай кўринишини олдини олиш ва жиноятчиликка барҳам бериш билан бирга, дарҳол чора тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир. Одам савдоси жиноий фаолиятнинг ўта хавфли турларидан бири бўлиб, таҳқирлаш айнан шунда намоён бўладики, мазкур жиноят тури қулликка ўхшаш шаклларда содир қилинади. Унда инсонни эксплуатация қилиш, уни товар сифатида сотиш, инсон омилларидан фойдаланиш йўли билан даромад орттириш билан боғликлиги сабабли таҳқирловчи мазмун-моҳият касб этади. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда одам савдоси жиноятининг аксарияти алдов усуллари билан амалга оширади ва қурбонларни шундай тарзда тузоққа илинтиради. Ҳар қандай шахс, айниқса, ёшлар бу борада ўзига хос билим ва кўникмаларни ўзида хосил қилса, нур устига аъло нур бўлиб, ундай кимсалар тузоғига тушишига асло ҳожат қолмайди. Дунёда инсоният ҳар қандай мушкулотни ақл ва теран тафаккур ила ҳал қилиши мумкин. Одам савдоси каби мудҳиш жиноятлардан аҳолининг ўз вақтида огоҳ қилиш ва бу борадаги билимларини самарали ошириш, айниқса, ёш авлод вакиллари ушбу жиноий қилмишнинг қурбонига айланиб қолмасликлари учун жуда эҳтиёт бўлишлари, алдов, хавойи ваъдалар йўли билан таклиф қилинаётган нотаниш кимсаларни сўзига ишониб хорижий мамлакатлардаги ишларга бориб, сарсон-саргардон бўлмаслик учун огоҳ бўлишлари керак. Бугунги кунда жаҳонда одам савдоси жиноятидан жабр кўрганларнинг сони кун сайин таборо ошиб бораётганлиги, шунингдек бу каби ўта хавли иллатнинг инсоният ҳаётига нечоғлик катта хавф солаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу эса ўз навбатида барчамизни огоҳ ва сергак бўлишимизни тақозо этади.

 

 

 

 


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари