ПЕНСИЯГА ОИД НИЗОМ ТАСДИҚЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сон қарорига асосан давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилинди.

Мазкур низом «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат пенсияларини тайинлаш, пенсия имтиёзларини қўллаш, қайта ҳисоблаш, тиклаш, тўлаш, пенсиядан чегирма қилиш, фуқароларни пенсия ва бошқа тўловлар билан таъминлашга доир масалаларни ҳал қилиш тартибини белгилайди. 

Ушбу низомга асосан, пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза қонунчиликка мувофиқ пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс томонидан унинг яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига берилади. Фуқаро пенсия тайинлашни сўраб пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб исталган вақтда, бирор муддат билан чекланмаган ҳолда мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Пенсия жамғармаси бўлими шахс тегишли ариза билан мурожаат қилган тақдирда, пенсия тайинлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади. Шахс пенсия тайинлаш тўғрисида Пенсия жамғармасининг бўлимига бевосита ташриф буюрган ҳолда ва/ёки электрон почта орқали мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Шахснинг аризаси Пенсия жамғармасининг ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилади. Пенсия жамғармаси бўлими томонидан ариза берувчига ёки ташкилотнинг вакилига ариза қабул қилинган сана кўрсатилган ҳолда тилхат, шунингдек, олинган ва етишмаётган ҳужжатлар рўйхати берилади. 

Барча зарур ҳужжатлар билан бирга ариза қабул қилинган кун пенсия сўраб мурожаат этилган кун ҳисобланади. Агар ариза почта орқали юборилса ва бунда барча зарур ҳужжатлар ҳам илова қилинган бўлса, ушбу аризани жўнатишнинг почта штемпелида кўрсатилган санаси пенсия сўраб мурожаат этилган кун ҳисобланади. 

Аризага барча зарур ҳужжатлар илова қилинмаган ҳолларда Пенсия жамғармаси бўлими қўшимча яна қандай ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлигини ташкилот маъмуриятига ёки ариза берувчига 5 кунлик муддатда ёзма равишда ёки ариза берувчининг мобил телефон рақамига «СМС» хабарномани юборган ҳолда маълум қилади. Агар улар қўшимча ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлиги тўғрисида хабарнома олинган кундан бошлаб уч ойдан кечикмай тақдим этилса, пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза қабул қилинган кун пенсия тайинлаш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади. 

Пенсия жамғармаси бўлими шахсга ёки ташкилот маъмуриятига пенсия тайинлаш (қайта ҳисоблаш) масалалари бўйича тушунтиришлар ҳамда маълумотлар бериши шарт.

Равшанбек Жуманиязов
Пенсия жамғармаси Қўшкўпир  
туман бўлими бошлиғи.


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари