ШАРТНОМА  ТАЛАБЛАРИ  БАЖАРИЛМАСАЛИК ОҚИБАТЛАРИ

ШАРТНОМА  ТАЛАБЛАРИ  БАЖАРИЛМАСАЛИК ОҚИБАТЛАРИ

Юртимизда суд соҳасида амалга оширилган ижобий ишларни кўриб, ҳар қанча фахрланиб, ўзларимизга юклатилган масъулиятли вазифаларни самарали олиб бориш туйғуси қалбимизни асло тарк этмайди.

Айни кунларда, Шовот туманлараро иқтисодий судига келиб тушган даъво аризаларни ўз вақтида ҳал қилиб, корхона ва ташкилотлар ўртасида қонун талаблари бўйича тузилган шартномавий муносабатлардан келиб чиққан низоларни ўз вақтида сифатли ҳал қилиш ишлари самарали олиб борилмоқда.

Яқинда даъвогар «Агро Алгоритм инновацион» маъсулияти чекланган жамиятининг жавобгар Қўшкўпир тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан 89.426.755 сўм ундириш ҳақидаги даъво аризаси бўйича иш кўриб чиқилди.

Суднинг 2024 йил 1 февралдаги ажрими билан ишга мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида Қўшкўпир туман иқтисодиёт ва Молия бўлими ҳамда Қўшкўпир туман Ғазначилик ҳизматлари бўлими жалб этилган.

Суд мажлисида даъвогар вакиллари даъвони қувватлаб, тарафлар ўртасида тузилган шартномага асосан 89.426.755 сўмлик махсулот етказиб берилганлиги ва ўрнатилганлигини, даъво талаби ишга тақдим қилинган тегишли счёт-фактуралар ва бошқа хужжатлар билан тўлиқ тасдиқланишини, даъвони тўлиқ қаноатлантиришни сўради.

Суд мажлисида жавобгар вакиллари даъвони тўлиқ тан олиб, тарафлар ўртасида тузилган шартномага асосан 89.426.755 сўмлик махсулот етказиб берилганлиги ва ўрнатилганлигини, махсулотни бир қисми беғараз мақсадда кузатув назорати учун тегишли ташкилотга ўрнатилганлигини, даъвони тўлиқ қаноатлантиришни сўради.

Суд мажлисида Қўшкўпир туман иқтисодиёт ва Молия бўлими вакиллари даъвони тўлиқ қаноатлантиришни сўради.

Бугунги суд мажлисининг ўтказилиш вақти ва жойи тўғрисида Қўшкўпир туман Ғазначилик ҳизматлари бўлими қонунда белгиланган тартибда хабардор қилинган бўлсада, вакил иштирокини таъминламади.

Бундай ҳолда, суд ишни Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг 128 ва 170-моддалари тартибида ишни палата, жавобгар вакиллари иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади.

Суд иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра даъвони тўлиқ қаноатлантиришни, ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини жавобгар зиммасига юклашни лозим топди.  

 Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли.

Ишдаги ҳужжатлардан ва суд муҳокамасидан аниқланишича, «Агро Алгоритм инновацион» маъсулияти чекланган жамияти ва Қўшкўпир тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими ўртасида 16.06.2023 йилда №8-сонли “махсулот етказиб бериш ва ўрнатиш юзасидан шартнома тузилган.

 Мазкур шартномаларнинг 1.1-бандига кўра, шартнома бўйича даъвогар техник хизматлар кўрсатишни ўз зиммасига олади, жавобгар эса ушбу хизматни тўлаш мажбурияти олган.

Мазкур шартномаларга асосан даъвогар томонидан 01.08.2023 йилдаги №1-сонли счёт-фактуралар орқали тегишли миқдордаги хизматлар кўрсатилган бўлсада тўловлар амалга оширилмаганлиги оқибатида жами 89.426.755 сўм қарздорлик юзага келган.

Мазкур счёт-фактуралар жавобгар томонидан тасдиқланган ва хизматлар бажарилганлиги қайд этилган.

Даъвогарнинг мазкур қарздорликни ихтиёрий тўлаш юзасидан талабномаси жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган.

Натижада даъвогар даъво ариза билан судга мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда – ФК деб юритилади)нинг 8 ва 234-моддаларига асосан мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 236-моддасига кўра мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

Ушбу Кодекснинг 703-моддасига кўра, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш (муайян ҳаракатларни қилиш ёки муайян фаолиятни амалга ошириш), буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.

Кодекснинг 705-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, буюртмачи ўзига кўрсатилган хизматлар ҳақини ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасида кўрсатилган муддатларда ва тартибда тўлаши шарт.

Суд, юқоридагиларга асосан даъво талаби ишга тақдим қилинган счёт-фактуралар ва тегишли хужжатлар билан тўлиқ исботини топганлиги учун тўлиқ қаноатлантиришни лозим топади.

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси
68-моддасига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.

Мазкур Кодексининг 118-моддасига кўра, суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.

Баён этилганларга асосан суд, даъвогарнинг даъвосини тўлиқ қаноатлантиришни, жавобгардан даъвогар фойдасига 89.426.755 сўм ундиришни, суд харажатларини жавобгардан ундириш лозим деб топган.

Юқоридагиларга асосан, даъвогарнинг даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилиб, жавобгар Қўшкўпир тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан даъвогар «Агро Алгоритм инновацион» маъсулияти чекланган жамияти фойдасига 89.426.755 қарздорлик ҳамда олдиндан тўланган 895.000 сўм давлат божи, 34.000 сўм почта харажати жами 90.355.755 сўм ундирилган.

Жавобгар Қўшкўпир тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан Республика бюджетига 895.000 сўм давлат божи ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Тарафлар томонидан тузилган шартномалар талаблари ўз вақтида ҳар томонлама сифатли бажарилиш лозим, агар ўз вақтида бажарилмасдан, эътиборсиз қолдириладиган бўлса, амалдаги қонун ва кўрсатмаларда белгилаб қўйилган жарималар ҳамда бошқа чоралардан асло қочиб бўлмайди.

 

Шовот туманлараро иқтисодий суди раиси

                                                  Б.Ҳайитбоев   

 


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари