Солиқ мажбурияти - уни ўз вақтида бажармаслик жавобгарликка сабаб бўлади.

Солиқ мажбурияти - уни ўз вақтида бажармаслик жавобгарликка сабаб бўлади.

Солиқ тушумлари давлат хазинаси ва халқ фаровонлиги манбаи ҳисобланади. Шу боис солиқ соҳаси давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан биридир. Мамлакатимизда солиқ қонунчилигини бузган жисмоний ва юридик шахс­ларга қатъий жавобгарлик чоралари белгиланган.

Хонқалик Маҳмуд Ўроқов уддабурон тадбиркор бўлгани сабабли “Binokor Klass”, “Binokor Story Lux”, “Ulgurji Voha”, “Forex Sales”, “Albatros Leader”, “Troya-S”, “Bravo Suroj Savdo”, “Tundra”, “Savdo Plaza”, “Kapital 777” масъулияти чекланган жамияти каби ўнга яқин тадбиркорлик субъектини бошқариб келган. Аммо у муқаддам солиқ тўловларидан бўйин товлагани, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари бузгани учун бир неча бор жавобгарликка ҳам тортилган. Охирги марта унга жиноят ишлари бўйича Боғот тумани судининг 2020 йилнинг 3 февралдаги ҳукмига асосан 1 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

М.Ўроқов томонидан 2021 йилда таъсис этилган “Kapital 777” масъулияти чекланган жамиятининг ярим йиллик фаолияти тафтиш этилганда 311 миллион сўмлик жуда кўп миқдордаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўланмагани маълум бўлди. Хусусан, ушбу корхона томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги “Фис­кал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг қўлланишини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори талаблари қўпол равишда бузилган. Бунинг оқибатида 2019-2021 йиллар мобайнида маҳсулотларни нақд пулга сотиш, тушган тушимни ҳисобга олиш регистрларида акс эттирмаслик ҳолатлари кўп­лаб содир этилган. Айнан шу каби ҳатти-ҳаракатлар оқибатида 906,6 миллион сўм миқдоридаги нақд пул тегишли банк муассасаларига топширилмаган. Бундан ташқари
28 миллион сўмлик товарлар бухгалтерия ҳужжатларида акс этмаган, 563,8 миллион сўмлик қўшимча солиқ тўлови амалга оширилмаган. Устига ус­­так, “Kapital 777” масъу­лияти чекланган жамияти фаолиятини йўлга қўйиш пайтида унинг устав фонди ҳам шакл­лантирилган бўлиб, таъсисчилар муайян миқдордаги товар-моддий бойликларни фондга улуш сифатида тақдим этишган. Аммо амалда уларнинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар расмийлаштирилмаган. Аниқланишича,­ улар сотиб юборилган ва пули эса, М.Ўроқовнинг банк плас­тик картасига келиб тушган. У бу маблағни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаган. Шунингдек, М.Ўроқов Солиқ кодекси талабларига зид равишда жисмоний шахсларнинг 347,8 миллион сўмлик даромади, 211,2 миллион сўмлик қўшилган қиймат ва 4,1 миллион сўмлик фойда солиғини тўлашдан бўйин товланган.

Ана шундай қонунбузарликларни содир этгани учун корхона раҳбари М.Ўроқовга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Яқинда ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилди. Суд муҳокамалари жараёнида М.Ўроқов ўзига нисбатан эълон қилинган айбларни тўлиқ тан олди. У савдо-тижорат шохобчаларининг баъзиларини ўзи, бошқаларини яқинларининг номига расмийлаштирганини билдирди.

Амалга оширилган биржа савдоларида ўзидан ташқари оиласи аъзолари ҳам қатнашгани, бу жараёнда турли қурилиш ашёлари ва маиший техника воситалари харид қилингани ва тегишли савдо шохобчаларига етказиб берилганини таъкидлаб, ўз ҳаракатларининг моҳиятини англаб етгани ва тергов даврида давлат бюджетига етказилган молиявий зарарни тўлиқ тўлаганини маълум қилди. Суд айбланувчи ўз хатти-ҳаракатларининг оқибатини англаб етгани, ўз қилмиши туфайли юзага келган катта миқдордаги зарарни бартараф этгани учун унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллашни лозим топди. Яъни М.Ўроқовга ойлик иш ҳақининг
20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 1 йил 11 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, солиқ – мамлакатимиз аҳолисининг умумий бойлиги. Уни ўз вақтида тўлаш эл-юрт фаровонлигига хизмат қилади. Шу боис ўзини ва ўзгаларни қадрлаган инсон солиқ мажбуриятини ҳеч бир монеликсиз бажаради. Бошқача айт­г­анда, “элдан нима олдим” дея эмас, “элга нима бердим”, деган эзгу туйғу билан яшайди. Акс ҳолда эса, баён этилгани сингари номига доғ туширади, эл олдида юзи шувут бўлади.

 Акбар Аминов,

жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир тумани судининг раиси

 


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари