Суд ҳуқуқ тизимига алоқадор қонунчиликдаги янгиликлар

Суд ҳуқуқ тизимига алоқадор қонунчиликдаги янгиликлар

Маълумки, 2023 йил 25 декабрда “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-888-сонли қонуни қабул қилинди. Ушбу қонунга кўра, жорий йилда туманлараро судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди.

Суд қарорларини қайта кўришда вилоят ҳамда унга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида Иқтисодий процессуал кодексига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, суднинг ажрими устидан шикоят бериш масаласида янги институт – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди.

Яъни туманлараро, туман (шаҳар) судлари томонидан биринчи босқичда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилди.

Бундай тартиб туфайли судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш орқали суд қарорларининг барқарорлиги таъминланиб, юридик шахслар овора бўлишининг олди олинади. Эндиликда бу борада юзага келиши мумкин бўлган муаммо ва камчиликларнинг аниқ ечимига қаратилган ҳуқуқий механизмлар яратилмоқда.

Суд ҳал қилув қарорлари ва ажримларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш деганда, шикоят ва билдирилган протест асосида қуйи суд чиқарган ҳал қилув қарорлари, ажримларининг уларга қўйиладиган талабларга жавоб беришини текширишга қаратилган юқори судда иш юритиш, яъни суд муҳокамаси жараёнига айтилади.

Иқтисодий суд ишларини юритишда ишлар одил судловнинг фақат суд томонидан амалга оширилиши, қонун ва суд олдида тенглик, судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги каби принциплар асосида амалга оширилади.

Айни тартибнинг қонунда белгиланиши билан одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгайтирилди.

Бунда биринчи инстанция судининг қароридан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади.

Суд қароридан яна норози бўлинган тақдирда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатида қайта кўриб чиқилади.

Шунингдек, кассация инстанциясининг жорий этилиши келгусида манфаатдор шахслар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжати устидан шикоят бериш имконини беради. Масалан, суддаги бир тараф ўзи қатнашган иш бўйича қабул қилинган суд ҳал қилув қарори ёки ажримидан қонуний кучга кирганидан кейин қайсидир ҳолатга кўра норози бўлиб қолиши мумкин.

Ушбу ҳолатда шахс апелляция шикояти бериш муддатини ўтказиб юборган бўлади. Аммо унда энди шикоят келтиришда процессуал ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқи мавжуд бўлади.

Иқтисодий ишини апелляция ва кассация тартибида қайта кўриш – суд процесси иштирокчиларининг суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлигини текшириш ҳуқуқини таъминловчи муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ, апелляция шикояти (протести) суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.

Кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин.

Тафтиш инстанцияси биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ҳамда апелляция ёки кассация инстанцияси судининг ажримлари устидан берилган шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижаларига кўра:

-ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз қолдиришга;

- ҳал қилув қарорини, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга;

- Иқтисодий процессуал кодекснинг 302-моддаси бешинчи қисмининг 3 ва 6-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган апелляция ёки кассация инстанцияси судига юборишга;

- ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга;

- ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга ёхуд даъвони тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга;

- айрим суд ҳужжатларини бекор қилишга ва иш бўйича илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз кучида қолдиришга;

- Иқтисодий процессуал кодекснинг 302-моддаси бешинчи қисмининг 7-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилишга ва иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга ҳақли.

Суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинмаганлиги ёки нотўғри ҳал қилинганлиги суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди. Бундай ҳолда қарорнинг хулоса қисмида суд харажатлари Иқтисодий процессуал кодекснинг 118-моддасида назарда тутилган тартибда тақсимланиши кўрсатилади (ЎзР ИПК 3247-модда).

Иқтисодий процессуал кодекснинг 310-моддасига мувофиқ тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бериш муддати кассация инстанцияси суди томонидан қарор қабул қилингунига қадар ўтган бўлса, тафтиш тартибдаги шикоят (протест) кассация инстанцияси суди қарор қабул қилган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилингунига қадар ўтган бўлса, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) ушбу судлар томонидан ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг, Бош прокурорининг протести Иқтисодий процессуал кодекснинг 307-моддаси биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати келиб тушган кундан эътиборан уч ой ичида, лекин Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ойдан ортиқ бўлмаган муддатда киритилиши мумкин.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати тафтиш тартибида шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича суд томонидан, агар илтимоснома шикоятни (протестни) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган ва тафтиш тартибида шикоятни (протестни) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Юқорида кетлтирилиб ўтилган модданинг бешинчи қисмида кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган тафтиш тартибидаги шикоят (протест) кўриб чиқилмайди.

Тафтиш инстанцияси судининг ажрими, қарорида баён қилинган кўрсатмалар мазкур ишни янгидан кўраётган суд учун мажбурийдир.

Тафтиш инстанцияси суди у ёки бу далилнинг ишончлилиги ёки ишончсизлиги, айрим далилларнинг бошқаларидан устунлиги, иш янгидан кўрилган тақдирда қандай қарор чиқарилиши кераклиги тўғрисидаги масалаларни олдиндан ҳал қилиб қўйишга ҳақли эмас.

Энди юқори инстанция судларига янада катта масъулият юкланиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибининг бекор қилингани ҳам суд ҳужжатидан норози шахснинг юқори инстанцияга ишончини мустаҳкамлайди.

Шу маънода, янги қабул қилинган Қонун якка тартибдаги тадбиркорларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини янада кучайтаришга, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама ва тўлиқ текширилишига ҳамда халқимизнинг судларга бўлган ишончининг янада ошишига хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, суд қарорларининг қонунийлиги ва асослигини қайта кўриб чиқишда апелляция, кассация ва тафтиш босқичларининг такомиллаштирилиши хўжалик юритувчи субъектларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтиришга қаратилгани жуда муҳим. Шунингдек, у ишларни суда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаши билан алоҳида аҳамият касб этади.

 

Шовот туманлараро

иқтисодий суди судьяси

Р.Маткурбанов

 


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари