Ўтган 2019 йилда туманимиз барча соҳа ва йўналишлар қатори иқтисодиётни жадал ривожлантириш, соҳага ихтисослаштирилган ишлаб чиқариш субъектларини фаол қўллаб-қувватлаш борасида катта саъй-ҳаракатлар қилинди. Бу билан эса аҳолининг турмуш даражаси ошди, кўпчилик иш ўринлари билан таъминланди. Шунингдек, янги 2020 йил ҳам шахдам қадамлар билан кириб келганини сезиш қийин эмас. Чунки йилнинг бошидан Қўшкўпир туманида яна катта мақсадли ишлар амалга оширила бошлади. -Кичик бизнесдан улкан салоҳиятга эришса бўлади,-дейди «Бобурбек қаймоқлари» МЧЖ раҳбари Бобурбек Матёқубов-Биргина маҳсулотдан кўплаб фойдали маҳсулотлар олса бўлади. Масалан, сутни қайта ишлаш натижасида бугунги кунда сметана, творог, қаймоқ, пишлоқ ва бошқа маҳсулотларни ҳосил қилишга эришмоқдамиз. Бугун тадбиркорлик қиламан деганга имконият ва имтиёз бисёр. Туманнинг Шихмашҳад қишлоғида янги йил бошидан олам-олам мақсадлар билан фаолият бошлаган «Бобурбек қаймоқлари» МЧЖга Агробанк АТБ туман филиали томонидан 500 млн сўм имтиёзли кредит ажратилди. Катта мақсадни ўз олдига қўйган мазкур корхонада бандлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, 10 киши иш ўрни билан таъминланди. Тадбиркор томонидан нафақат ҳар жиҳатдан талабга жавоб бера оладиган сутни қайта ишлаш, балки янги нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳам фаол йўлга қўйилган.