Ёшлар учун бугун энг масъулиятли ва ҳаяжонли кун бўлди, десак асло муболаға бўлмайди. Ўқувчи-ёшлар аввал айтиб ўтганимиздек, бир ҳафта давомида тумандаги раҳбарлар ёнида бўлиб, уларнинг раҳбарлик қобилиятларини, иш-фаолиятларини ўрганган бўлсалар, бугун эса ўзлари анашундай масъулиятли касбнинг эгасига айландилар. Яъни, ўзлари раҳбар ўрнида бўлиб, тўлиқ уларнинг иш-вазифаларини бажариб бердилар. “Мен катта бўлсам ҳоким бўламан”, “шифокор бўламан”, “директор бўламан” деб болалигидан ният қилган туманимиз ёшлари бугун оз бўлсада анашу касбнинг эгаси бўлдилар. Бу жараён эса барча ёшларнинг қалбини янада тўлқинлантирди, ўзларига, эртанги кунига бўлган ишончни янада оширди.
-Мен бугун ҳоким ўрнида бўлиб, унинг вазифаларини бажариб бердим,-дейди ўқувчи Собиржон Собиров.-Эрталабдан раҳбар ходимларга йиғилиш ўтказиб, топшириқлар бердим, олдинги вазифаларнинг ижроси билан танишдим. Ҳар бир тушкилот раҳбарининг сўзини тинглаб, уларга кўрсатмалар бердим. Тўғриси, Ватанимиз тараққиёти, юртимиз истиқболи йўлида хизмат қилиш, бир туман аҳлининг муаммосини тинглаб уларга ечим топиш жуда машаққатли ва масъулиятли вазифа экан. Бирор касбнинг етук мутахассиси, эгаси бўлиш инсондан кучли меҳнат ва изланиш талаб этишининг гувоҳи бўлдим. Ҳоким бўлиш бир суткада 24 соат ишлаш дегани экан. Мен ҳам келажакда халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилиш учун бугундан бор куч-ғайратимни аямасдан ўқиб-изланаман, мақсадим сари интиламан.
Бундай самимий сўзлар бошқа “кичик раҳбар”лар томонидан ҳам жўшқинлик билан билдирилди.
Ушбу жараён барча ўқувчи-ёшларда катта таассурот уйғотди.