Вилоят ҳокими қўшкўпирлик ёшлар билан учрашди Бугун қўшкўпирлик ёшлар учун энг қувончли кун бўлди. Сабаби вилоят ҳокими Ф.Эрманов мактабда таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлар билан дилдан суҳбатлашди. Президентимиз томонидан жорий қилинган бешта муҳим ташаббус доирасида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Учрашувда туман ҳокими Жўрабек Раҳимов ҳам иштирок этди.
Вилоят ҳокими Қўшкўпир туманининг 2-сон мактабига кириши билан Бетховеннинг “Элизе” мусиқаси янгради. Худди асли каби пианино орқали маромига етказиб чалаётган мактабнинг 6-синф ўқувчиси Ном Евгенийга катта ишонч билдирди ва бадиий китоблар жамланмасини совға қилди.
Сўнгра, мусаввирлик қобилиятига эга ёш ўқувчиларнинг ижоди билан яқиндан танишди, ёш рассомларнинг келажакдаги орзулари, қайси касбни эгаллашларига қизиқди, уларнинг фикрини тинглади. Ушбу мулоқотдан сўнг мактабда мавжуд мусиқа ва спорт анжомлари билан танишди. Вилоят ҳокими сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшларнинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун Президентимиз томонидан кўплаб шароитлар яратилганлигини алоҳида таъкидлаш билан бирга, ушбу таълим муассасада анашундай имкониятлардан ўқувчилар оқилона фойдаланаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. У ерга йиғилган барча мактаб директорлари ва етакчиларга ёшларни қобилиятларини юзага чиқариш учун янада қаттиқроқ меҳнат қилиш лозимлигини, ўсиб келаётган бугуннинг ёшлари эртанинг истиқболлари эканлигини таъкидлади.
Шундан сўнг кутубхонадаги китобхон ўқувчилар билан танишди. Ўқувчилар ўқиётган бадиий асарларидан қандай маънавий тарбия олишлари, умуман олганда китоб ўқиш инсон учун қандай аҳамиятга эга эканлиги, дарслик ва бадиий адабиётларнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти тўғрисида қисқача тўхталди. Вилоят ҳокимининг туҳфаси этди. Бундай эътибордан мамнун ўқувчилар эндиликда янада кўпроқ ўқиб-изланишларини ваъда беришди. Шунингдек, спортчи ёшлар ҳам бугуннинг имкониятларидан фойдаланиб қандай ютуқларга эришаётганликларини, давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ёшлар учун қанот бўлаётганини фахр билан тилга олдилар. Қолаверса, суҳбат жараёнида спорт билан шуғулланишнинг фойдали жиҳатлари ҳақида вилоят ҳокими томонидан кўплаб маълумотларга эга бўлдилар. Спортчи ёшларнинг спорт тўгараклари учун етишмаётган инвентарлари вилоят ҳокими томонидан олиб бериладиган бўлди. Ёшлар томонидан маҳаллаларда “Ибратли ўғил-қизлар” танловини, қолаверса, туманда “Ёшлар жамғармаси”ни ташкил этиш каби таклифлар билдирилди. Айрим ўқувчилар эса ҳоким бўлиши, келажакда жамиятда инсон ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши учун қандай билимга, тажрибага эга бўлиши керак деган саволлар билан мурожаат этдилар. Берилган саволларга вилоят ҳокими атрофлича жавоб берди ва таклифларни қўллаб-қувватлади. Барча фаол иштирок этган ўқувчиларга китоблар совға қилинди. Бундай эътибор ва рағбатдан мактабнинг барча ўқувчилари хурсанд бўлдилар, келажакда жамиятимизга муносиб инсон бўлиб етишиш учун ўқиш ва доимий изланишга сўз беришди. Сўзга чиққан собиқ ўқувчи Муштарийхон Шомуродованинг онаси Муҳтарам Президентимизга, вилоят ва туман ҳокимига алоҳида миннатдорлик билдирди. Давлатимиз томонидан яратилиб берилган шароитлар натижасида фарзанди олий ўқув юрти талабалигига қабул қилинганлигини алоҳида эътироф этди. Юксак савия, кўтаринки руҳда ташкил этилган “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви мактабда таълим олаётган иқтидорли ўқувчи қиз, Соҳибжамол Жуманиёзова томонидан моҳирлик билан чизилган вилоят ҳокими Фарҳод Эрмановнинг портрет расмининг тақдимоти билан якунланди. Мусаввир қиз вилоят ҳокими томонидан ушбу асари учун бадиий адабиётлар жамланмаси ҳамда ноутбук билан рағбатлантирилди