“РОТОЛЛО” рақси қалбларни сеҳрлади
Рақс ҳаётимнинг бир бўлагига айланган,-дейди 10-мактаб ўқувчиси Асадбек Пирназаров. –Рақс бу инсонга самимият ва яхшилик каби туйғуларни бахш этадиган ниҳоятда нозик санъат тури ҳисобланади. Анашундай санъат турини ифода эта билиш эса раққосдан маҳорат талаб этади. Қадимий кўҳна шаҳар Хивада “Рақс сеҳри” халқаро фестивалининг ўтказилиши эса анашундай имкониятларимни намойиш этишимга, иқтидоримни юзага чиқаришимга асос бўла олди.
“Юлдуз” ансамбли қатнашчиси Асадбекни бугун нафақат илғор, интилувчан ўқувчи балки раққос сифатида ҳам кўпчилик яхши танишади. У рақс йўналиши бўйича ўтказилган турли танловларда қатнашиб фахрли ўринларни эгаллаб келган.
-Асадбек 5 ёшлигиданоқ санъат усталаридан Комилжон Болтаевдан сабоқ ола бошлади,-дейди туман маданият бўлими мудири Оллаберган Раҳимов. –У устози ортидан эргашиб маданият бўлимига, қолаверса 10-сонли мусиқа ва санъат мактабига бориб рақс сирларини ўрганар эди. Унинг ҳаракатларида ўзига бўлган ишонч, қатъиятлилик бор, кўзларида эса рақс сеҳрини кўриш мумкин.
Ҳақиқатдан ҳам кўпчилик, айниқса, дунё халқлари орасида “Ротолло” миллий куйига моҳирона рақс тушиб берган Асадбек барчада хайрат ҳиссини уйғотди. У фестивалда “Энг ёш рақс ижрочиси” номинацияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва вилоят ҳокимининг сертификати билан тақдирланди.
Назокат МАШАРИПОВА