"Уммон балиқ" фермер хўжалиги раҳбари билан учрашув
Бугун Қўшкўпир тумани Маданият марказида кўп йиллардан буён балиқчилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган “Уммон балиқ” фермер хўжалиги раҳбари Баҳром Отабоев билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафарбек Матназаров, ҳоким ўринбосари Муродбек Қутлимуродовлар қатнашдилар.
Тадбиркорликка қизиқувчи ва тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган ёшлар ҳамда ёши катталар ўзларининг савол ва фикр-мулоҳазалари билан иштирок этишди.
Фермер сўз юритар экан, болаликдан балиқчилик йўналишига бўлган қизиқиши, шижоати манашундай фаолият билан шуғулланишга ундаганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
“Уммон балиқ” фермер хўжалиги Қўшкўпир тумани Кенагас маҳалласида барпо этилган бўлиб, нафақат ўша маҳалладаги инсонларнинг эҳтиёжини қондириш, балки ички бозорни таъминлаш, инсонларнинг балиқ маҳсулотига бўлган талабини қондиришга хизмат қилмоқда.
2003 йилда фаолиятини бошлаган ушбу фермер хўжаликнинг ҳозирги кундаги жами ер майдони 117 гектарни ташкил қилмоқда. Ушбу фермер хўжаликда интенсив усулда ва ёпиқ айланма сув тизимида балиқ етиштириш комплекси барпо қилинган.
-Фермер хўжалигимиз барча зарур техникалар билан таъминланди. Ишчилар сони ҳам кўпаймоқда. Айниқса, чавоқ ташлаш ва балиқ йиғиштириб олишда кўплаб ишчиларга эҳтиёжимиз ортади. Ўша пайтда ҳам ҳар бир ишчини рағбатлантириб борамиз. Галдаги режамиз катта.
Ҳаётда нимагадир етишиш учун инсонда аввало мақсад ва ҳаракат бўлса етарли. Анашу шижоат ҳар қандай инсонни тараққиётга элтади. Рўзғор тебратиш, бола-чақа боқиш учун гектар-гектар ерда қандайдир тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки катта-катта корхоналарни юритиш шарт эмас, деб ўйлайман. Бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланиб, фаровонликка эришса бўлади,-дея сўз юритди фермер.
Учрашув сўнгида тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.
Ҳа, фермер айтганидек, тадбиркорчиликнинг катта-кичиги ёки эрта-кечи бўлмайди. Муҳими мақсад бўлса бас. Маблағ, моддий томондан қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимизда жуда катта имкониятлар яратиб берилмоқда. Анашундай имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб, ҳар қандай инсон хоҳлаган тадбиркорлик йўналишида ўз фаолиятини йўлга қўя олади.
ҚЎШКЎПИР ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ