Ассалому алайкум ҳурматли элдошлар, азиз фахрийлар, истеъфодаги ҳарбий хизматчилар-у мустақил мамлакатимизнинг сарҳадларида ўз йигитлик бурчини ўтаётган жасур ўғлонлар!
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг юртимиз тинчлиги, осойишталигининг посбони бўлган, эл-юрт манфаати йўлида хизмат қиладиган ва унинг сарҳадларини қўриқлайдиган жонажон армиямиз, Қуролли кучлар ташкил топган кун - 14 январь барчамиз учун қадрли ва азиз саналардан бири бўлиб қолди. Мана бугун туманимиз фаоллари, собиқ ҳарбий хизматчилар, Ватан ҳимоячилари сафидан ўрин олган барча юртдошларимиз ҳамкорликда ушбу қутлуғ кунни хурсандчилик билан қарши олар эканмиз, кўнглимизда ғурур ва ифтихор туйғулари жўш уради. Бизнинг армиямиз мустақиллигимизни, озод ва обод турмушимизни чин маънодаги қўрғони ва қалқонига, тинчлигимизни асрайдиган қудратли кучга айланди. Уларни Ватан сарҳадларида ҳушёр ва зийрак турганликлари боис халқимиз осойишта яшамоқда ва тинч осмон остида Ватан равнағи йўлида хизмат қилмоқдалар. Ҳарбий хизматчиларимиз ҳамиша ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда она юртига, Президентига ўз садоқатларини баралла намойиш қилмоқдалар, Президентимиз томонидан амалга оширилаётган одилона ва оқилона сиёсатнинг рўёби учун астойдил хизмат қилмоқдалар.
Азиз ва муҳтарам Ватан ҳимоячилари сизнинг мақсадингиз улуғ, куч-қудратингиз бетимсолдир. Сизнинг садоқатли, фидойи хизматларингизни халқимиз бениҳоят қадрлайди, тинчлик посбонлари,озод юртимизнинг жасур ўғлонлари дея шарафлайдилар. Ҳамиша эъзоз-у икромга лойиқ бўлган сиздек мард инсонларни қутламоқ биз учун, туман ҳокимлиги ва элдошларимиз учун фахрдир. Фурсатдан фойдаланиб барчангизни улуғ кун-Ватан ҳимоячилари куни билан самимий, чин қалбдан, бутун туман аҳли номидан муборакбод қилишга рухсат этгайсизлар! Барчангизга соғлик-саломатлик, бахтли ҳаёт, фаровон турмуш, мустаҳкам ирода тилаб қоламан. Мустақиллигимиз абадий, осмонимиз тинч бўлсин!