2021 йил 28 апрелдаги қарорининг мазмун-моҳияти

Вазирлар МаҳкамасинингМоддий ёрдам ва кўмакка

муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий

қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 28 апрелдаги қарорининг мазмун-моҳияти

Қарорга мувофиқ Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, ҳокимлар, секторлар раҳбарлари “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни камбағалликдан чиқариш ва уларнинг фаровонлигини ошириш учун шахсан масъул ҳисобланади.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

“Темир дафтар”ни юритиш орқали ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир оилалар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб;

“Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб;

“Ёшлар дафтари”ни юритиш орқали ёшлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб.

“Темир дафтар”ни юритиш тартиби

Уйма-уй юришни ташкил қилиш бўйича эҳтиёжманд оилаларни ўрганиш сўровномаси вилоят ҳокимликлари томонидан туман (шаҳар) ҳокимликларига етказилади.

Ҳокимликлар томонидан эҳтиёжманд оилаларни ўрганиш сўровномаси 1 кунда секторларга тақдим қилинади ва секторлар томонидан маҳалла фуқаролар йиғинига ва республика ва ҳудудий давлат бошқаруви органлари ҳамда тижорат банклари раҳбарлари ва ходимларидан иборат бошқарув офисига 3 кунда тарқатилади.

Бошқарув офиси ҳар ойда оилаларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари уйма-уй юриб ўрганади, мурожаатларини кўриб чиқади ва оилаларнинг муаммоларини сўровнома орқали аниқлайди.

Аниқланган муаммолар 3 кунда оилаларнинг жамланма рўйхатига киритилади. Жамланма рўйхат сектор раҳбарига 1 кунда тақдим этилади ва 1 кунда рўйхат кўриб чиқилади.

Анкета маълумотлари идора ва ташкилотларнинг маълумотлари билан солиштирилади ҳамда оилаларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси (тоифаси) аниқланади.

“Темир дафтар”га киритиладиган оилаларнинг рўйхатлари ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган “Йўл харитаси” лойиҳаси 7 кунда халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашига тасдиқлаш учун киритилади.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашида тасдиқланган рўйхатлар “saxovat.argos.uz” ахборот тизимига киритилади.

Бошқарув офиси томонидан вақтинчалик тартибда белгиланган хизматлар кўрсатилади.

Сектор раҳбарлари томонидан:

“Темир дафтар”дан чиқариш юзасидан таклифлар халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари муҳокамасига киритилади;

Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг қарори асосида “Темир дафтар”дан чиқарилган оилалар тўғрисидаги маълумотлар “saxovat.argos.uz” ахборот тизимига киритилади;

“Темир дафтар”дан чиқарилган оилалар бу ҳақида хабардор қилинади.

“Темир дафтар”га киритилганларга ёрдам кўрсатиш

Оилаларда томорқадан фойдаланишни ташкил этиш орқали бандликни таъминлашда қуйидаги йўналишларда кўмаклашади:

енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш;

парранда, асалари, қуён, балиқ ва бедана боқишни йўлга қўйиш;

“Томорқа хизмати” ташкилотлари ва “Дала дўконлари”ни ташкил этиш.

Оилаларга ҳокимликлар томонидан деҳқончилик учун янги ўзлаштирилган, лалми, фойдаланилмаётган ерда 0,1 гектардан
1 гектаргача ер ажратилади, ерни суғориш ва электр билан таъминлаш, ерларни ўзлаштириш учун субсидия ажратилади.

Оилавий тадбиркорлик учун кредит оладиганларга банкларга ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қуйидаги хизматлар кўрсатилади:

бизнес лойиҳаларни тузишни ўргатиш;

кредит олишга кўмаклашиш;

кредит ажратилгандан сўнг уларни доимий қўллаб-қувватлаш.

Оилаларга “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир марталик моддий ёрдам берилиши мумкин.

Ушбу бир марталик моддий ёрдамни тўлаш учун:

фуқаролар йиғинлари томонидан моддий ёрдам бериш миқдорлари кўрсатилган рўйхат туман (шаҳар) ҳокимлигига тақдим этилади;

ҳокимликлар моддий ёрдамни ойма-ой тўлаш графигини шакллантиради;

графикка асосан ҳар ойнинг 5-кунигача фуқаролар йиғинлари, тўлов ведомостларини шакллантириб, туман  маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига тақдим этади;

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари тўлов ведомостлари асосида моддий ёрдам тўловларини ҳар ойнинг 5 – 27-кунларида амалга оширади.

Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга тиббий хизмат кўрсатиш:

тиббий ёрдамга муҳтож оилалар тиббиёт ходимини жалб қилинган ҳолда ўрганилади;

касаллиги аниқланган ва тиббий ёрдамга муҳтожлар туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасига юборилади;

улар кўрсатма бўйича стационар ёки амбулатория шароитда даволанади;

ногиронлик белгилари аниқ намоён бўлганлар Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларига юборилади.

Республика бўйича “Аёллар дафтари”ни юритиш тартиби

Тасдиқланган анкета-сўровномалар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан секторларга тақдим қилинади.

Секторлар томонидан анкета-сўровномалар 1 кунда сектор ишчи гуруҳларига ва маҳалла фуқаролар йиғинига тарқатилади.

Ҳар ярим йил 1 ойининг дастлабки 15 кунида сектор ишчи гуруҳлари фуқаролар йиғинлари ходимлари, фаоллари, маҳалладаги меҳнат инспекторига “жамоатчи ёрдамчи” лар билан биргаликда уйма-уй юриб, анкета-сўровномалар ўтказиш орқали хотин-қизларни “Аёллар дафтари”га киритади.

“Аёллар маслаҳат кенгаши” унга мурожаат қилинганда, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш учун маълумотларни сектор ишчи гуруҳига тақдим қилади.

Ушбу ҳолатлар бўйича секторлар раҳбарлари ва туман (шаҳар)лар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан хотин-қизлар муаммоларининг ҳаққонийлиги ўрганилади ва халқ депутатлари туман Кенгашига тасдиқлаш учун киритилади.

Хотин-қизларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари уйма-уй юриб ўрганилади.

Хотин-қизларнинг мурожаатлари, шу жумладан, “Аёллар маслаҳат кенгаши”га қилинган мурожаатлар кўриб чиқилади.

Хотин-қизларнинг муаммолари анкета-сўровнома орқали аниқланади. “Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизларнинг рўйхатлари ва “Йўл харитаси” тасдиқланади ҳамда ижрога қаратилади.

Аниқланган муаммолар хотин-қизларнинг шахсий индивидуал анкеталарига киритилади.

Индивидуал анкеталар сектор раҳбари, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғига тақдим этилади.

Индивидуал анкеталарнинг кўриб чиқилиши ташкил қилинади.

Анкета маълумотлари идора ва ташкилотларнинг маълумотлари билан солиштирилади ҳамда хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси (тоифаси) аниқланади.

“Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизларнинг рўйхатлари ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган “Йўл харитаси” лойиҳасини халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига тасдиқлаш учун киритилади.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашида тасдиқланган рўйхатлар Маҳалла ягона ахборот тизими дастурига киритилади ва белгиланган хизматлар кўрсатилади

Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг қарори асосида “Аёллар дафтари”дан чиқарилган хотин-қизлар тўғрисидаги маълумотлар Маҳалла ягона ахборот тизими дастурига киритилади.

“Аёллар дафтари”дан чиқарилган хотин-қизлар бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилинади.

“Аёллар дафтари”га киритилганларга ёрдам кўрсатиш

Аёллар томонидан томорқадан фойдаланишни ташкил этиш орқали бандликни таъминлашда қуйидаги йўналишларда кўмаклашади:

енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш;

парранда, асалари, қуён, балиқ ва бедана боқишни йўлга қўйиш;

деҳқончилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотишга кўмаклашиш;

“Томорқа хизмати” ташкилотлари ва “Дала дўконлари”ни ташкил этиш.

Аёлларга ҳокимликлар томонидан деҳқончилик учун янги ўзлаштирилган, лалми, фойдаланилмаётган ерда 0,1 гектардан
1 гектаргача ер ажратилади, ерни суғориш ва электр билан таъминлаш, ерларни ўзлаштириш учун субсидия ажратилади.

Хотин-қизларга Микрокредитбанк, Агробанк ва Халқ банклари орқали БХМнинг 150 бараваригача кредит берилади.

Кредитларнинг фоиз ставкаси истисно тариқасида 2022 йил 1 январгача Марказий банк асосий ставкасида белгиланади.

Кредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади.

Хотин-қизларга БХМнинг 2 бараваридан 4 бараваригача миқдорда бир марталик моддий ёрдам берилиши мумкин.

Ушбу бир марталик моддий ёрдамни тўлаш учун:

фуқаролар йиғинлари ногирон болали ёлғиз аёллар, боқувчиси йўқ, I ва II гуруҳ ногирон, уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногирон хотин-қизлар рўйхатини туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига беради;

туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими:

моддий ёрдамни ойма-ой тўлаш графигини шакллантиради;

тасдиқланган графикка асосан ҳар ойнинг 5-санасигача тўлов ведомостларини шакллантириб, ҳокимлик бухгалтерия бўлими ва тегишли банкка тақдим этади;

бухгалтерия бўлимлари график ва ведомостлар асосида зарур маблағларни банкка ўтказади;

Халқ банки моддий ёрдам тўловларини ҳар ойнинг 5 – 27-саналарида тарқатади.

Хотин-қизларга турар жой ижара компенсацияси:

турар жойнинг умумий майдонидан келиб чиқиб, унинг 1 м2 учун бир ойга Тошкент шаҳрида БХМнинг 6 фоизигача;

Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида 4 фоизигача;

бошқа ҳудудларда 2 фоизигача миқдорда тўланади.

Зарур ҳолларда хотин-қизлар тиббиёт бирлашмасида стационар ёки амбулатор шароитда даволанади.

Аҳволи оғир бўлганларга вилоят ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларига ёки республика ихтисослаштирилган марказларига даволаниш учун бепул ордер ажратилади.

Аёлларга бепул ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилади.

Республика бўйича Ёшлар дафтарини юритиш тартиби

“Ёшлар дафтари”ни шакллантириш учун анкета-сўровномаси ишлаб чиқилади.

Анкета-сўровномалар секторлар томонидан маҳалла фуқаролар йиғинига ва сектор ишчи гуруҳларига тарқатилади.

Сектор ишчи гуруҳлари, фуқаролар йиғинлари ходимлари ва фаоллари томонидан уйма-уй юриш орқали ёшларнинг хоҳиш-истаклари ва муаммолари ўрганилади.

Ёшларнинг мурожаатлари (шу жумладан, электрон платформа орқали мурожаатларини) кўриб чиқиш орқали ўрганилади.

Анкета-сўровномалари секторлар штаблари котиблари томонидан секторлар раҳбарларига кўриб чиқиш учун тақдим этилади. Индивидуал анкеталар кўриб чиқилиши ташкил қилинади.

Анкета маълумотлари идора ва ташкилотларнинг маълумотлари билан солиштирилади ҳамда ёшларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси (тоифаси) аниқланади.

“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган “Йўл харитаси” тасдиқланиб, ёшларга тегишли хизматлар кўрсатилади.

“Ёшлар дафтари”дан чиқариш бўйича тегишли қарор қабул қилинади.

“Ёшлар дафтари”дан чиқарилган ёшлар бу ҳақида ёзма ва электрон тарзда хабардор қилинади.

“Ёшлар дафтари”га киритилган ёш оилаларнинг секторлар раҳбарларига ва Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимларига берган аризасига мувофиқ, уларга 12 ойгача турар жой учун ижара компенсацияси ҳар ойда БҲМнинг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб берилиши мумкин.

“Ёшлар дафтари”га киритилганларга ёрдам кўрсатиш

Моддий аҳволи қийин ёшларга базавий ҳисоблаш миқдорининг
4 бараваригача миқдорда моддий ёрдам берилади.

Моддий ёрдам биринчи навбатда қуйидагиларга тайинланади:

боқувчисини йўқотган ва ота-она қарамоғидан маҳрум ёшларга;

ўзгалар парваришига муҳтож ишга лаёқатсиз ёшларга;

I ва II гуруҳ ногирони бўлган ёшларга;

қарамоғида ногирон бола бўлган ёш оилага;

ота-оналардан бири I ёки II гуруҳ ногирони, иккинчиси ишламасдан беморга қарашга мажбур ёки иккаласи ҳам I ёки II гуруҳ ногирони бўлган ёшларга;

табиий офатлар, ҳалокатлар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатида ҳаётига, соғлиғига, мулкига зарар етган ёшларга.

Ёшлар тадбиркорликка ва касб-ҳунарга нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ўқиганидан харажатларнинг 75 фоизигача қисми қоплаб берилади.

Хусусий корхоналарга ишга қабул қилинган ва фаолият бошлаганига 6 ойдан ошмаган ёшларни қайта тайёрлов курсларида ўқитиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг БҲМнинг 4 бараваригача бўлган қисми мазкур хусусий корхона ва ташкилотларга компенсация қилиниши мумкин.

Томорқа ер эгаси ёки иккиламчи ижара асосида ер берилган ёшларга уруғлик ва кўчатлар олиш учун БҲМнинг 8 бараваригача пул тўлаб берилади.

Ёш тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида солиқ органларида рўйхатдан ўтган фуқарога фаолиятини амалга ошираётган нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларининг бир йилда БҲМнинг 25 бараваригача қисми қоплаб берилиши мумкин.

Тадбиркорлик ёки ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларга асбоб-ускуна ёки меҳнат қуролларини харид қилиш учун БҲМнинг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратилади.

“Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандларининг профессионал ва олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиш бўйича йиллик харажатларини тўлаб бериш тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаган миқдорда амалга оширилади.

Ёш оилаларнинг секторлар раҳбарларига ва Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимларига берган аризасига мувофиқ, уларга 12 ойгача турар жой учун ижара компенсацияси ҳар ойда БҲМнинг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб берилиши мумкин.

Турар жой ижара компенсацияси:

турар жойнинг умумий майдонидан келиб чиқиб, унинг 1 м2 учун бир ойга Тошкент шаҳрида БХМнинг 6 фоизигача;

Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида 4 фоизигача;

бошқа ҳудудларда 2 фоизигача миқдорда тўланади.

Нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш марказлари сертификатига эга ёшларга бизнесни ташкил этиш учун “Микрокредитбанк” банки томонидан қуйидагича микрокредит ажратилади:

ёшларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача бўлган миқдордаги микрокредитлар таъминотсиз ажратилади;

микрофирма ва кичик корхона таъсис этган таъминот турлари асосида 225 миллион сўмгача миқдорда.

Кредитларнинг фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасида белгиланади.

Кредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади.

Ёшларнинг хорижда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини ташкил этиш Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан амалга оширилади:

Ёшларга бепул тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилади.

“Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг аҳволи оғир бўлган бемор фарзандларининг мамлакатда ёки хорижий давлатларда даволаниш билан боғлиқ харажатларининг БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдордаги қисми тегишли қоплаб берилади.

 


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари