Мактабгача таълим ташкилотлари болажонларнинг сифатли таълим ва тарбия олишлари учун муҳим маскан ҳисобланади. Янги йил кириб келиши муносабати билан Қўшкўпир туманидаги 6, 9, 19, 33-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотлари қайтадан таъмирланиб, бир куннинг ўзида болажонлар ихтиёрига топширилди. Ушбу МТТ ларда тарбияланувчиларнинг сифатли таълим ва тарбия олишлари, тўғри овқатланиб, дам олишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Айниқса, туман марказида жойлашган 6-сонли Давлат МТТ маҳаллий бюджет ҳисобидан 2 млрд 348 млн сўм эвазига қайтадан таъмирдан чиқди.
-Муассасамизда болажонларимиз учун қулай шароитлар яратиб берилган,-дейди 6-сон МТТ мудири Гулбаҳор Яқубова.-Эндиликда ташкилотимизга 295 нафар тарбияланувчи қамраб олинган. Уларнинг мустаҳкам тарбия олишлари, келажакда юртимизга муносиб инсон бўлиб етишишлари учун барчамиз бирдек масъулмиз.
Қўшкўпир туман ҳокими Жўрабек Раҳимов ушбу МТТ очилиш тадбирида иштирок этиб, барча шарт-шароитлар билан бирма-бир танишди.