АЁЛЛАР БАНДЛИГИ ТАЪМИНЛАНМОҚДА...

Қўшкўпир туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та муҳим ташаббуси доирасида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни, хусусан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, «устоз-шогирд» анъаналари асосида ҳунармандчилик билан шуғулланишни тарғиб этиш, аҳ

оли томорқаларидан самарали фойдаланиш, пиллачилик соҳасида касаначиликни кенгайтириш  орқали бандликни таъминлаш кенг йўлга қўйилмоқда.

Аҳоли томонидан туман ҳокимлигига келиб тушган мурожаат ўз навбатида бирма-бир кўриб чиқилиб, ҳал қилинмоқда.

Бугун туман ҳокимлиги ҳамда вилоят Касаба уюшмалари ташкилоти бирлашмаси ва туман ҳокимлиги томонидан мурожаатлар юзасидан амалий  саъй-ҳаракатлар олиб борилди. Яъни, туманда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида  кам таъминланган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож 3 та оилага 16 млн.240 минг сўмлик тикув машиналари, саноат электрь печларидан иборат маиший техникалар фуқароларнинг мақсадли фойдаланишлари ва бандлигини таъминлаш мақсадида етазиб берилди.

“Маданият” маҳалласида истиқомат қилувчи Ленинза Алиева боқувчисини йўқотган бўлишига қарамай, маҳалладошлари ҳомийлигида қуриб берилган нонвойхонадан унумли фойдаланиб, рўзғорини тебратаётганди. У туман ҳокимлигига ўз фаолиятини янада кенгайтириб, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган саноат печига эҳтиёжи борлигини билдирган. Бугун фуқаро Л.Алиеванинг қувончи чексиз.

-Бир оғиз мурожаатим тез ҳал қилинди,-дейди Л.Алиева.-Мен бундай эътибор ва ғамхўрликдан жуда мамнунман. Ҳозирги оғир шароитда, пандемия даврида Президентимиз биз аёлларнинг турмуш-тарзимизгача қайғуряпти, биз аёлларга шароитлар яратиб бериляпти. Энди манашу нон ва нон ишлаб чиқариш печидан оқилона фойдаланиб, рўзғоримни ўзим тебратаман, ўз-ўзимни иш билан таъминлайман.

Худди шунингдек, “Иттифоқ” маҳалласида истиқомат қилувчи Муножон Қарриеванинг хонадони ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан саналиб, ўзини иш билан таъминлаш, оилавий иқтисодини кўтариш мақсадида нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган электрь печ сўраб, мурожаат қилган эди. Билдирилган мурожаат қисқа фурсатда ҳал қилинганидан фуқаро М.Қарриеванинг кўнгли тоғдек кўтарилди.

“Илгалди” маҳалласида яшовчи имконияти чекланган фуқаро Инобат Ражабова 2-3 йилдан бери тикувчилик билан шуғулланиб, маҳалла аёлларининг кийим-кечакларини тикиб, маҳалла қизларига тикувчилик сир-асрорларини ўргатиб келмоқда. Унинг ҳаракати, юрагидаги ўти, шижоати, олам-олам орзулари анашу фаолиятини янада кенгайтиришга ундади.

-Бугунги кунда устоз-шогирд анъанасини давом қилдирган ҳолда 5 нафар қизга тикувчилик сирларини ўргатяпман,-дейди фуқаро И.Ражабова.-Ушбу тикув машинасини сотиб олишни жуда ният қилгандим, бироқ маблағим етмагани боис туман ҳокимлигига мурожаат қилдим. Минг раҳмат, мурожаатим тез ҳал бўлди. Энди манашу тикув машинасидан фойдаланиб, ўз фаолиятимни янада кенгайтираман, шогирдлар орттираман. Ўз даромадимни ўзим топаман. Биз хотин-қизларни қўллаб-қувватлаётган, чексиз имкониятлар яратиб бераётган Юртбошимизга, қолаверса, мурожаатимизни эътибордан четда қолдирмай тез ечим топиб бераётган барча раҳбарларга ўз миннатдорлигимни билдираман.

Ҳа, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, молиявий-иқтисодий аҳволини яхшилаш мақсадида топширилаётган маиший техникалар барча аёлларимизни бирдек қувонтирди. Энди улар ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлиб қолмайди. Чунки Президентимиз таъбири билан айтганда, уларнинг қўлларига бугун балиқ эмас, балки қармоқ бериляпти.

 

ҚЎШКЎПИР ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари