Кеча Қўшкўпир туманидаги амфитеатрда ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши ҳузуридаги сиёсий таълим маркази раҳбари Дурдона Қобулова ҳамда ижтимоий тармоклардаги "Кўшкўпирликлар дунё нигоҳида" гуруҳи аъзолари ташаббуси билан кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий кўмак бериш, уларни қишки кийим-кечаклар билан таъминлаш мақсадида хайрия тадбири ташкил этилди. Тадбирда ўзига тўқ хонадонлар ўз хоҳиш истагига кўра рўзғоридан орттирган уст-бош кийимларни кам таъминланган, соғлигини тиклаб олиш муаммоси билан яшаб, кийимига пул ажрата олмаган хонадонларга туҳфа этдилар. -4 нафар фарзандим бор дейди,-Баҳористон маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролардан бири.-Охирги фарзандим касалликка тез чалинувчан бўлганлиги туфайли нуқул дори-дармон воситаларини сотиб оламиз. Қолган пулимиз рўзғорга кетади. Кийим-кечакка маблағ ажратолмай қийналардик. Акциянинг ташкил қилингани нур устига аъло нур бўлди. Акцияда қатнашиб болаларим иссиқ уст-бош билан таъминланди, хурсанд бўлишди. Халқимизни доимо ўйлайдиган, қайғурадиган, оғирини енгил қилишга шай турган саховатли инсонлардан миннатдормиз. - Ижтимоий гуруҳимиз аъзоларининг яқиндан кўрсатаётган ёрдами ва кўмаги билан, қолаверса, таклиф ва ташаббуслари билан ушбу акцияни ташкиллаштирдик,-дейди Д.Қобулова.- Халқимизда шундай гап бор: Савобли ишни ҳар ким ва ҳар кун қилиши керак. Ҳақиқатда нимагадир эҳтиёж сезаётган инсонларга ёрдам қўлини чўза олсак, уларни оз бўлсада қийналаётган вазиятдан чиқишига кўмаклаша олсак биз бундан бахтиёрмиз. Илк маротаба ўтказилган акциямиз ўзининг ижобий самарасини берди, деб ўйлайман. Бунинг учун эса гуруҳ аъзоларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Акция доирасида 14 та оиланинг 29 нафар фарзандига кийим-кечаклар улашилди. Беш қўл баробар бўлмаганидек, орамизда қандайдир сабаблар билан қийналаётган, моддий қийинчиликка учраётган одамлар ҳам йўқ эмас. Бундай савобли ишлардан кимларнингдир кўнгли тўғдек кўтарилади, мушкули осон бўлади. Хайр-эҳсон тадбири доирасида ижтимоий тармоклардаги "Кўшкўпирликлар дунё нигоҳида" гуруҳи аъзолари фаол иштирок этмоқдалар. Кўтаринки руҳда, байрам кайфияти ила бошланган акция нафақат қишки мавсумда балки йилнинг 4 фаслида ҳам давом этади.