Болажонлар - эртанги кунимизнинг ишончли кучи. Уларнинг эртага буюк, халқпарвар инсон бўлиб етишишларида мактабгача таълим ташкилотида олган таълим ва тарбияси муҳим аҳамият касб этади.
Бу йил Қўшкўпир туманидаги 39-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилоти янги йил бошидан болажонларни янги кўринишда, замонавий қиёфада қарши олди. Ушбу бинода янгидан жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди ва қулай, замонавий шарт-шароитларга эга тарзда фойдаланишга топширилди.
125 ўринга мўлжалланган ушбу таълим-тарбия масканида инглиз тили, мусиқа, спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. 30 та иш ўрни яратилган.
-Болаларимизга ҳозирданоқ тарбияни кучайтиришимиз керак,-дейди МТТ мудири Муяссар Матсапаева.-Уларнинг эртага қандай инсон бўлиб вояга етиши бизнинг кимлигимизни, қандай билим ва тажрибага эга эканлигимизни белгилаб беради. Мен ишонаман, бугуннинг болалари эртамизнинг қалқонига айланишади.