Янги йил байрами Қўшкўпир туманида тантанали тарзда ўтказилди Туман амфитеатрида катта шодиёналар ила ўтказилган Янги йил байрами бутун туман аҳлига кўтаринки кайфият бағишлади. Айниқса, мисли келинчакдек безаниб, атрофга нур сочаётган баланд, кўркам арчанинг амфитеатр марказида қад ростлагани байрамга янада кўрк ва завқ бағишлади. Байрам тадбирида Қўшкўпир тумани ҳокими Жўрабек Раҳимов сўзга чиқиб, барча тадбир иштирокчиларини, қолаверса, бутун туман аҳлини Янги йил байрами билан самимий муборакбод этди. Ўтиб кетаётган 2019 йилда қилинган ишлар ва 2020 йилда қилиниши лозим бўлган энг муҳим режаларга қисқача тўхталиб ўтди. Сўнг, байрам томоша қилаётган барча болажонларга совғалар улашди, йил давомида иш фаолияти давомида юқори натижаларни қўлга киритиб келаётган ходимларни тақдирлади, уларга “Ташаккурнома” топширди. Сўнг, туманнинг энг иқтидорли ва истеъдодли болажонлари томонидан Қорбобо ва Қорқиз иштирокида турли хил, рангба-ранг чиқишлар қилинди. Мусиқа садолари остида жилоланган рақслар барчани даврага чорлади.