Аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда
Бугунги инсоният бошидан кечаётган ташвишли кунларда халқимиз ҳамжиҳатликда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида кўчага чиқмасдан уйда қолган ҳолда касалликни енгишга ёрдам бермоқдалар. Коронавирус пандемияси Қўшкўпир туман аҳлини ташвиш ва саросимага солаётгани йўқ. Улар карантин қоидаларига, шифокорлар кўрсатмаларига риоя қилган ҳолда ҳар кунини мазмунли ташкил қилмоқдалар. Давлатимиз томонидан халқимизни ҳар жиҳатдан ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туманда ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож, кексалар, ишсизлар, шунингдек, доимий ишламайдиган ва ҳар куни карантин туфайли ишлай олмаётган фуқаролар, ногиронлиги бўлган шахслардан иборат жами 120 нафар оилага зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
-Ҳар биримизнинг саломатлигимиз, тинчлигимизни ўйлаб қайғураётган Президентимизга ташаккуримни билдираман,-дейди фуқаро Фотима Абдуллаева.-Мана бугун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими томонидан уйимга ёғ, ун, шакар, макарон, товуқ гўшти, мол гўшти, картошка, пиёз, гуруч, мош, тухум каби озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда қўлқоп, антисептик ва гигиеник воситалардан иборат маҳсулотларни бериб кетишди. Яна, моддий ёрдамлар бериляпти. Биз жуда миннатдормиз. Давлатимиз томонидан биз каби фуқароларни ўйлаб эзгу тадбирлар ташкил қилинаяпти экан, биз ҳам уйда қолган ҳолда касалликни енгишга кўмаклашамиз.