Аҳолини рўйхатга олиш муддати кўчирилди

Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш муддати 2022- йилдан 2023- йилга кўчирилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019- йил 5- февралдаги « Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» ги ПФ-5655-сон Фармонига мувофиқ, аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш 2022 йилга белгиланган эди. Кейинги 30 йил ичида (  Ўзбекистонда сўнгги марта 1989 йилда аҳоли рўйхатга олинган) аҳолини рўйхатга олиш тадбири илк бор амалга оширилаётганлиги эътиборга олинса, бундай кенг кўламдаги тадбирни ўтказиш учун катта тажриба, кўп вақт ва катта маблағ талаб этилиши аён бўлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тавсияларига кўра аҳолини рўйхатга олиш ҳар ўн йилда бир марта ўтказилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бироқ кўпгина мамлакатлар ушбу тадбир муддатларини дунёда кузатилаётган коронавирус пандемияси сабабли кейинги йилларга кўчириш чораларини кўришмоқда. Жумладан, 2020- йилда Россия Федератцияси, Қозоғистон ва Арманистон Республикаларида ўтказилиши режалаштирилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари 2021- йилга кўчирилди.

Республикамизда мустақиллик йилларида аҳолини рўйхатга олиш тадбири  биринчи маротаба ўтказилаётганлигини инобатга олиб, тадбирга пухта тайёргарлик кўриш ва уни сифатли ўтказиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020- йил 
11- ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023- йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сон қарори билан республикамизда аҳолини рўйхатга олиш тадбири 2023- йилнинг  1-25 ноябрь кунлари ўтказилиши белгиланди.

 

 

Хоразм вилояти статистика бошқармаси ахборот хизмати


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари