Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш муддати 2022- йилдан 2023- йилга кўчирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019- йил 5- февралдаги « Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» ги ПФ-5655-сон Фармонига мувофиқ, аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш 2022 йилга белгиланган эди. Кейинги 30 йил ичида (Ўзбекистонда сўнгги марта 1989 йилда аҳоли рўйхатга олинган) аҳолини рўйхатга олиш тадбири илк бор амалга оширилаётганлиги эътиборга олинса, бундай кенг кўламдаги тадбирни ўтказиш учун катта тажриба, кўп вақт ва катта маблағ талаб этилиши аён бўлади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқтисодий ва ижтимоий Кенгашининг 2015 йил 10 июндаги “2020 йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастури” Резолюциясида ушбу халқаро ташкилотга аъзо давлатлар 2015 йилдан 2024 йилгача камида бир марта аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга даъват этилади. Бироқ кўпгина мамлакатлар ушбу тадбир муддатларини дунёда кузатилаётган коронавирус пандемияси сабабли кейинги йилларга кўчириш чораларини кўришмоқда. Жумладан, 2020- йилда Россия Федератцияси, Қозоғистон ва Арманистон Республикаларида ўтказилиши режалаштирилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари 2021- йилга кўчирилди.
Республикамизда мустақиллик йилларида аҳолини рўйхатга олиш тадбири биринчи маротаба ўтказилаётганлигини инобатга олиб, тадбирга пухта тайёргарлик кўриш ва уни сифатли ўтказиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020- йил 11- ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023- йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сон қарори билан Республикамизда аҳолини рўйхатга олиш тадбири 2023- йилнинг 1-25 ноябрь кунлари ўтказилиши белгиланди.
Шунингдек мазкур фармон билан 2021 йилнинг 1-25 ноябрь кунларида республиканинг 4 ҳудудида: Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида,Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида,Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида ва Тошкент шаҳрининг Яшнабод туманларида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш кўзда тутилган.
Маълумот учун: 2020 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра Хоразм вилоятининг доимий аҳолиси сони 1.884.114 кишини ташкил қилади, уларнинг 33,1% (624,4 минг киши) шаҳарларда, 66,9 % (1259,7 минг киши) қишлоқларда истиқомат қилади. Доимий аҳоли сонининг 59,8% ни меҳнатга лаёқатли ёшдаги (16-59 ёш) лар ташкил қилади.
2020 йилнинг 1- октябрь ҳолатига кўра Қўшкўпир туманининг доимий аҳоли сони 172,9 минг кишини ташкил қилиб, уларнинг 87,1 минг нафари эркаклар ва 85,8 минг нафари аёллар ҳисобланади. Туман умумий аҳолисининг 44,5 минг нафари шаҳар, 128,4 минг нафари қишлоқ аҳолисига тўғри келади.