Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5655-сон Фармонига мувофиқ республикамизда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш белгиланди.
Халқаро тажрибага асосан аҳоли сони бўйича аниқ ва яхлит маълумотлар аҳолини рўйхатга олиш асосида олинади. Аҳолини рўйхатга олиш якунларига қараб ўтмиш ва ҳозирги давр ҳақида фикр ва мулоҳазалар юритиш ҳамда келажакни прогноз қилиш мумкин бўлади.
Аҳолини рўйхатга олиш – бу мамлакат аҳолисининг муайян вақтдаги “фотосурати”ни олиш имконини берувчи умумдавлат миқёсидаги кенг кўламли тадбир бўлиб, аҳоли тўғрисидаги ишончли ахборот манбаи ҳисобланади.
Аҳолини рўйхатга олиш тадбири иқтисодий жиҳатдан бизга нима беради?
Биринчидан, аҳолини рўйхатга олиш меҳнат ва уй-жой бозорларини режалаштириш, республика бюджетини тузиш, транспорт сиёсатини юритиш, электрэнергетика, ижтимоий таъминот, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари, тил ва диний сиёсат масаларида жуда муҳим аҳамиятга эга. Бир сўз билан айтганда, қайси соҳада бўлмасин, келажакни башорат қилиш зарур бўлган ҳолларда аҳолини рўйхатга олиш натижаларисиз режалаштириб бўлмайди.
Учинчидан, республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот манбаи сифатида хизмат қилади.
Тўртинчидан, аҳоли пунктларининг инфратузулмасини яхшилашда, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқишда ишлатилади.
Бундай маълумотлар ижтимоий-иқтисодий жараёнларни олдиндан баҳолаш, бандлик соҳасидаги сиёсатни белгилаш, ижтимоий сиёсат ва аҳоли саломатлиги бўйича дастурларни яратишда, шунингдек давлат ҳокимияти органларининг вазифаларини бажариши, илм-фан ва жамиятни ахборот билан таъминлаш учун зарурдир.
Хўш, аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар қайси молиявий манбалар ҳисобига қопланади?
Хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш анчагина маблағ талаб этади. Масалан, 2010 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирида сарфланган харажатлар ўртача аҳоли жон бошига Тожикистонда 1,31 АҚШ доллари, Қирғизистонда 1,12 АҚШ доллари, Азарбайжонда 1,03 АҚШ доллари, Молдавияда 2,15 АҚШ доллари, Россия Федерациясида 3,81 АҚШ доллари, Францияда 6,22 АҚШ доллари, Грецияда 8,45 АҚШ доллари, Италияда 13,85 АҚШ доллари, Канадада 19,09 АҚШ доллари, АҚШда 40,17 АҚШ долларини ташкил этган.
Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясига мувофиқ аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларига ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун кўзда тутилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига молиялаштирилади.
Молиялаштириш учун зарур маблағлар ҳажми Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва бошқа масъул идоралар ҳисоб-китоблари асосида, шунингдек, тендер савдолари ва тендер ҳужжатларини расмийлаштириш натижалари бўйича аниқланади.
Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга, унинг материалларини қайта ишлашга, натижаларини олиш ва эълон қилишга жалб этилган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нормативлар асосида амалга оширилади.
Бундан ташқари, 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳам ташкилий, услубий ва молиявий жиҳатлар бўйича ҳамкорлик қилинмоқда. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Статистика комиссияси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа иқтисодий комиссияси ва бошқа шу каби халқаро ташкилотларни келтириш мумкин.