БАЙРАМ ТАБРИГИ

МУСТАҚИЛЛИКНИНГ 31 ЙИЛЛИК БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН  ТУМАН ҲОКИМИ Ж.РАХИМОВНИНГ БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ассалому алайкум ҳурматли элдошлар, азиз меҳмонлар! Халқимизнинг асрий орзулари ушалган,  мамлакатимиз аҳли учун энг улуғ, энг азиз  бўлган эркинлик, озодлик каби неъматларни туҳфа айлаган, Ўзбекистонни жаҳонга танитган кун-Мустақилликка эришганимизга мана 31 йил тўлди. 
 
Шу боис Сизларни ва сизлар орқали бутун туманимиз аҳлини  муқаддас, азиз байрам мустақиллигимизнинг   31 йиллиги билан самимий муборакбод этишга рухсат этгайсизлар!

Мустақиллик бизга ато этган неъматларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Ўз мулкимизга, ўз еримизга, ўз бойликларимизга эга бўлиш, ўзлигимизни англаш, бебаҳо меросимизни тиклаш, анъана ва қадриятларимизни камол топтириш, салоҳиятимизни намойиш қилиш, демократия, сўз эркинлигини ҳадя қилди, жаҳонга чиқиш, илғор технологияларни яратиш ва келтириш каби имкониятлар эшигини кенг очиб берди. Тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ривожлантириш учун кенг имтиёзлар берилди. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалалари ислоҳотлар билан биргаликда олиб борилмоқда. Мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти ортиб, экспорт имкониятлари кенгайди. Аҳоли турмуш даражаси юксалиб, халқ фаровонлиги ортди. Шунингдек, миллий давлатчилигимиз тикланди, жаҳондаги мустақил ва суверен давлатлар қаторидан жой олдик. Бугунги кунда Ўзбекистонни, ўзбекларни танимайдиган юрт йўқ. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2017 йил мамлакатимизда тараққиётнинг янги босқичи юксалиш даври бошланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Фармони билан тасдиқланган  2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг  бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиниши оламшумул воқеа бўлди. Бешта йўналишдан иборат Ҳаракатлар стратегияси халқимизни бунданда гўзал, фаровон ҳаётга етакловчи кенг кўламли ислоҳотларни ўз ичига жамлаганлиги билан ҳар қандай эътирофга лойиқ. 

Бугунги кунда мамлакатимиз бўйлаб ҳар лаҳзада  ўзгаришлар, ривожланишлар, янгиликлар  юз бермоқда, улар халқимиз турмуш тарзини кундан–кунга фаровонлашиб бораётганида ўз тасдиғини топмоқда. 
Шу боис айнан Президентимиз ташаббуси билан Ҳаракатлар стратегиясининг давоми бўлмиш Тараққиёт стратегияси қабул қилинди. 

2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси инсонпарвар, халқ манфаатлари устувор бўлган жамият сари қадам ташланаётганининг яна бир исботидир. Унда белгиланган йўналишлар жамият ҳаётини янада либераллаштириш, Учинчи Ренессанс сари тамал тоши қўйилаётганидан далолатдир. 

Бу йилга “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” дея ном берилишида ҳам катта ҳикмат бор. Инсон қадри улуғланган, маҳаллалар юксалишига эътибор қаратилган юртда фақат юксалиш ва ривожланишлар, туб бурилишлар юз бериши табиийдир.  Бугунги кунда  бутун мамлакатимиз миқиёсида жорий йилнинг давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида  кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. 

Ҳурматли элдошлар! Мамлакатимизни чекка гўшаларидан саналган  туманимизда  ҳам 31 йил давомида  тизимли ишлар амалга оширилди. Кўркам, чиройли иморатлар қурилгани, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ривожлангани, тиббиёт, халқ таълими соҳасидаги ўзгаришлар, ёшларга спорт, санъат билан  шуғулланишлари учун яратиб берилаётган шароитларни  қанча гапирсак ҳам  вақтимиз етмайди. 
Жумладан Туманимизда хусусий шерикчилик асосида қуриб фойдаланишга топширилган маҳалла бинолари маҳалла аҳли учун муаммоларни жойида ҳал этиш ва уларни дардини тинглаш имкониятини берувчи масканга айланди.

Шунингдек туманимизда хусусий тиббиёт масканларини очилиши халқимиз учун замонавий тиббий хизматлардан фойдаланиш имконини яратди.  Биргина “Чаманзор” маҳалласида барпо қилинган “Sixat medikal sentr”   кўп тармоқли клиникаси, “Sherzodbek shifo” болалалар клиникаси, “Anvar shifo” тери касалликлари клиникаси  замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланиб, ҳалқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, болажонларимиз камоли, уларни замонавий масканларда тарбия олишлари учун замин яратиш мақсадида жорий йилда туманимизда 3 та давлат хусусий шерикчилиги асосида “Вундеркинд”, “Шохсултон азиз”, “Бахтли юрт фарзандлари” мактабгача таълим ташкилотлари ўз фаолиятини бошлаган бўлса, “Кўктом” маҳалласидаги 29-сон мактабгача таълим ташкилоти капитал таъмирланганини, “Дурдона” маҳалласидаги 28-сон мактабгача таълим ташкилоти инвестиция дастури асосида янгича қиёфа касб этганини ғурур билан айтишимиз мумкин. 

Азиз элдошлар! Аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳамиша устувор вазифаларимиздан бири саналган, шу мақсадда тумандаги  “Ёвғир” маҳалласида 2021 йилда   7 та кўп қаватли замонавий типдаги уй-жойлар қурилиб,  170 та оилага фойдаланишга топширилган бўлса,   2022 йилда 12 та кўп қаватли замонавий типдаги уй-жойлар қурилиши бошланди ва бу билан яна 240 та оилалар  уй-жой билан таъминланади.  Маълумот ўрнида яна шуни айтиш жоизки, ушбу хонадонлардан 22 таси  оғир турмуш шароитида яшаётган, боқувчиси бўлмаган 10 нафар аёлга, шунингдек иқтидорли, ўз билими ва кучи билан муваффақиятларга эришган 12 нафар ёшга дастлабки бадал пуллари давлат томонидан тўлаб берилиб, жорий йилнинг 9-май куни уй-жой калитлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. 

Албатта, ҳеч шубҳасиз айтишимиз мумкинки, маҳаллалардаги ўзгаришлар, уй-жойларнинг қурилиб эгаларига топширилиши, хусусий объектлар ва тадбиркорлик фаолиятларининг йўлга қўйилиши, умуман олганда, истиқболли ишлар, шароитлар ва имкониятлар негизида албатта, инсон қадри, манфаатини улуғлашга бўлган эътибор юксак даражада эканлигини кўриш мумкин.

Замонамиз шиддат билан ўзгарар экан, инсонларни ҳам замонавий фикрлашга ундайди. Давлат корхона ташкилотларини  таъмирлаш, замонавий мебель жиҳозлари билан таъминлаш,  йўл инфратузилмасини яхшилаш, кўчалар  қиёфасини замонга мос ҳолда ўзгартириш ҳамда фуқароларни очиқ бюджетда фаоллигини ошириш мақсадида Муҳтарам Президентимизнинг 2021 йил 
13 апрелдаги ПҚ 5072-сонли қарори асосида онлайн ташаббусли бюджет очиқ портали ишга туширилди. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида туманимизда 
2022 йил 1 мавсумда ғолиб чиққан 13 та таклифга 6 млрд 
492 млн сўм маблағ йўналтирилди. Шу орқали 2 та оилавий поликлиника замонавий мебеллар билан таъминланди, 
1 та оилавий поликлиника жорий таъмирланди. 

Шунингдек, халқ таълими бўлимига қарашли мактабларга 70 та комьпютер, 20 та моноблок, 10 та ноутбук, 60 та принтер, ҳамда болажонларнинг санъатга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида мусиқа асбоблари сотиб олинди. 4 та мактаб жорий таъмирланди, 1 та мактаб замонавий жиҳозланди. Туманимизда “Ёвғир” ҳамда “Тараққиёт” маҳаллаларининг кўча ва йўллари қайта таъмирланди. Маданият бўлими биносида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бу ҳам, албатта, Муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган халқчил сиёсатнинг амалдаги ифодасидир.   

Шунингдек, туманнинг иқтисодий кўрсаткичларини ҳам  ўтган йилга нисбатан анча ўсганини кўриш мумкин. Жорий йилнинг олти ойида туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 195, 7 млрд сўм, прогнозга нисбатан 
3.6 млрд сўмга ортиғи билан бажарилди. 
Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш 
2,5 фоизга ўсиб, 842,4 млрд сўм, қурилиш пудрат ишлари ҳажми 10,2 фоизга ўсиб, 143,2 млрд сўмга, чакана савдо айланмаси 1.5 фоизга ўсиб, 191, 1 млрд сўм ва жами кўрсатилган бозор хизматлари 12,5 фоизга ўсди ва жами 247,7 млрд сўмни ташкил қилди. 

Президентимиз ташаббуси билан жорий қилинган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” бўйича туманда самарали ишлар олиб борилди. Жумладан, бу йил   ижтимоий ҳимояга муҳтож  3281 нафар  аёл “Аёллар дафтари”га киритилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, моддий ёрдам бериш масалаларига эътибор қаратилди. 1020 нафар аёл иш билан таъминланди,
 23 нафарига уй-жой берилди. Ушбу ишлар белгиланган тизим орқали самарали тарзда давом эттирилмоқда.     

Ўрганишлар натижасида қўллаб- қувватлашга муҳтож бўлган 702 нафар ёш “Ёшлар дафтари”га киритилди. Улардан шу кунгача 533 нафарининг бандлиги таъминланди, 79 нафарига кредит маблағлари ажратилиб, ўз бизнесини йўлга қўйилишига имкониятлар яратилди. 
133 нафарига 10 йиллик ижараси сақланган ҳолда фойдаланиш учун ер ажратилди. Ижтимоий ёрдамга муҳтож тўлов шартномаси асосида ўқийдиган 117 нафар талабанинг тўлов контрактлари, 13 нафарининг муддатли ҳарбий хизмат учун тўлови, 33 нафар ёшга ҳайдовчилик курси учун тўланадиган пуллари тўлаб берилди. 157 нафар ёш тадбиркорликка, 211 нафари эса касб-ҳунарга ўқитилиб, сертификатлар берилди.            

Мустақиллигимизнинг буюк имкониятлари туфайли  эртанги кунимизнинг эгалари бўлган ёшлар келажагига катта эътибор қаратилмоқда. 
Уларнинг спорт билан шуғулланишлари учун болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолияти жонлантирилди, қайта таъмирлангани туфайли спортнинг 11 та тури бўйича шуғулланиш имконияти яратилди. Сув спорти саройи мунтазам равишда фаолият юритмоқда. Натижада ўқувчиларимиз спортнинг турли йўналишларида республика мусобақаларида қатнашиб, фахрли ўринларни эгалламоқдалар.  Ҳар бир маҳаллада ташкил қилинган спорт майдончалари ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш учун замин яратмоқда. Таълимга қаратилган эътибор туфайли ўқувчиларимиз фан олимпиадаларида фаол қатнашмоқдалар. 

2022 йилда ёшларимиз учун, айниқса, қизларимиз учун муваффақиятли бўлган хабарлардан бири,  Мадина Саъдуллаеванинг Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланганидир. Ёшларимизнинг республикамиз ва жаҳон миқёсида эришаётган ютуқ ва муваффақиятларини яна узоқ давом эттиришимиз мумкин.

Ҳурматли элдошлар! Барчангизга яхши маълумки, мамлакатимиз миқёсида маҳаллаларнинг инфратузилмасини яхшилаш, ободонлаштириш мақсадида кўламли ва тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ўтган йили Кўназей, Уйғур, Ғалаба маҳаллалари “Обод маҳалла” дастури доирасида ободонлаштирилиб, бажарилган ишлар республикада ибратли деб топилишида маҳалла аҳлининг, сиз-у бизнинг баҳамжиҳат иш олиб борганимиз натижаси деб биламан. Мана, жорий йилда ҳам Кўктом ҳамда Меҳнатобод маҳаллаларида ушбу дастур доирасида ишлар давом эттирилмоқда. Тоза ичимлик суви етказиб бериш, йўлларни таъмирлаш, электр, алоқа таъминоти билан боғлиқ ишлар жадаллик билан олиб борилаётганини таъкидлаб ўтиш ўринлидир.     

2022 йилнинг яна бир муҳим воқеаларидан бири мамлакатимизда маҳаллаларда фуқаролар йиғини раисларининг сайлови бўлиб ўтганидир. Туманимизда ҳам сайловлар қонун талаблари асосида ўтказилди ва янгидан сайланган раислар ўз маҳалласи билан ҳамкорликда қонунлар ва давлат дастурлари ижросини таъминлашга астойдил бел боғлаган ҳолда ишламоқдалар. Бу йил яна бир янги тузилма яратилганидан хабарингиз бор. Яъни, маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари, аёллар фаоллари, ёшлар етакчилари лавозимлари жорий этилди. Буларнинг бари халқимизнинг турмуш даражасини яхшилаш, муаммоларни маҳаллабай тизимида ўрганиш ва ҳал қилишга имконият яратади. 

Ўйлайманки, ҳар бир лавозим эгаси ўз ишига чуқур масъулият билан ёндошиб иш олиб борса, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, инсонларнинг кўнглига йўл топиб, муаммоларига ечим топиш орқали ўз мақсадимизга оз бўлсада эришган бўламиз. Ишонамизки, халқ манфаати йўлида фаолият олиб бораётган, ибратли ишларни амалга оширишга бел боғлаган ҳар бир раҳбар ўз вазифасини виждонан адо этади, зеро, бунинг учун барча шароитлар яратилган.  Жорий йилда  мамлакатимиз сиёсий ҳаётида ҳам янгиликлар юз бермоқда. Бу эса янгидан Конституциявий қонун қабул қилинаётгани ва амалдаги Асосий Қонунимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётганидир. Бу ишларнинг замирида Президентимиз таъкидлаган “Халқ биздан рози бўлсин” ёҳуд “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деган ғоялари мужассамдир.        

Ҳурматли ҳамюртлар, бу йил “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида мустақиллик байрами тадбирлари нишонланмоқда. 
Ҳақиқатан ҳам, амалга оширилган ишларга суяниб айтадиган бўлсак, мамлакатимизда эл азиз ва инсон азиздир. Ҳар бир ислоҳотда бунинг яққол намунасини кўриб турибмиз. Бу осуда кунларимизга, тинчлигимизга кўз тегмасин, бахтли, саодатли  кунларни асраш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш барчамизга боғлиқдир. 
Шундай экан, ўз меҳнатимиз билан юрт тараққиётига ҳисса қўшайлик, огоҳлик ҳушёрликни қўлдан бермайлик. Барчани ҳушёр бўлиб яшашга, она Ватанимизни асрашга чорлаб қоламан.

 Яна бир карра байрам муборак азиз элдошлар, хонадонларимиз тинч-тотув, дастурхонимиз тўкин,    меҳнатимиз самарали, осмонимиз мусаффо бўлсин!


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари