БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ассалому алайкум азиз ва муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар!

Сўзим аввалида, сизларни, сизлар орқали барча мўътабар онахонларимиз, мунис опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни нафосатли баҳорий айём, эзгулик ва гўзаллик тантанаси бўлган 8 март — Халқаро Хотин-қизлар куни муносабати билан  чин дилдан самимий муборакбод этаман! Бу бетакрор байрамнинг айнан баҳорнинг ташрифи билан ҳамоҳанг тарзда нишонланишида ҳам ўзига хос мазмун-моҳият, ҳикмат ва фалсафа мужассам. Негаки, кўклам ташрифи билан борлиқнинг уйғониши, гулу чечакларга бурканиши, кўнгилларга ажиб бир хуш кайфият бахш этишини, таъбир жоиз бўлса, хонадонимизни гўё қуёш янглиғ ёритиб турган мафтункор аёлларимизга қиёслаш мумкин. Шу маънода, баҳор ва аёл сўзлари бир-бирига эгизак ва уйғундир.

Ўзбек аёлининг нафосати, латофати, метин иродаси, сабр-бардоши, фидойилиги қаршисида ҳар қанча таъзим бажо айласак, шунча кам. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини алоҳида эътироф этиб, улуғлаб, қуйидагича таърифлайдилар: “Аёл агар оқила, саранжом, кўнгилга ёқимли бўлса, оилани гул қилади”. Шунинг учун аёлни қадрлаш, оиланинг таянчи, деб эъзозлаш лозим.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олиб борилаётган оқилона давлат сиёсати ва ҳаётбахш ислоҳотлар негизида аёллар масаласи доимий диққат марказида экани ана шу фикримиз далилидир.

Ҳақиқатан ҳам, кейинги вақтларда мамлакатимизда хотин-қизларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, қонуний манфаатларини таъминлаш, сиёсий фаоллигини ошириш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, оила, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, мустаҳкам оилани шакллантириш масаласига қаратилаётган катта эътибор ва беқиёс ғамхўрлик жаҳон ҳамжамиятининг ҳам эътирофига сазовор бўлди. Натижада ўзбек аёлининг сиёсий-ҳуқуқий савияси юксалиб, ижтимоий фаоллиги тобора ортиб бормоқда. Хотин-қизларимиз бугун нафақат фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш соҳаларида, балки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида масъул вазифаларда ҳам самарали фаолият кўрсатишмоқда. Туманимизда ҳам илғор, ишнинг кўзини биладиган, уддабурон опа-сингилларимизнинг сафлари тобора кенгайиб бораётгани, улар юртимиз тараққиётига салмоқли ҳисса қўшаётганлари, албатта, барчамизга фахр-ифтихор туйғуларини бахш этади.

Туманимиз хотин-қизлари кўпгина соҳаларда юксак марраларга эришиб келмоқдалар. Жумладан, бир қатор таълим тизими фидоийлари унвон ва кўкрак нишонлар билан тақдирланди. Ўтган йил мобайнида туманда 8 нафар ўқитувчи  “Халқ таълими аълочиси”, 1 нафар ўқитувчи “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Туманимизда ўзининг самарали меҳнати, фидоий хизматлари учун 1 нафар аёлимиз “Содиқ хизматлари учун”  медали билан тақдирлангани бизнинг фахру ғуруримиздир. 

Шунингдек, спорт соҳасида жами 82 нафар ёшлар спорт мусобақаларида фаол иштирок қилиб, олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритдилар. Бугунги кунда спортчиларнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида туманда изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда хотин-қизларни эъзозлаш, уларнинг эзгу орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзининг иқтидори, изланувчанлиги, муҳим ғоя ва ташаббуслари, ибратли амалий ишлари ва эришган ютуқлари билан юртимиз ёшларига ўрнак бўлиб келаётган, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб, Ватанимиз равнақи йўлида бор куч-ғайрати, замонавий билим ва малакаси, маънавий-интеллектуал салоҳиятини намоён этаётган қизларимизни муносиб рағбатлантириш мақсадида “Зулфия” номидаги давлат мукофоти таъсис этилган. Ушбу юксак мукофот билан туманимиздан Саъдуллаева Мадина Одамбой қизи тақдирланди.

Маълумки, бугунги кунда туманимиз аҳолисининг қарийб ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Албатта, сизларнинг уй ва рўзғор юмушлари, фарзанд тарбияси, оила ҳаётидан ортиб, барча соҳа ва тармоқлардаги самарали меҳнатларингиз туманимиз ижтимоий-иқтисодий ривожида салмоқли ўрин эгаллайди.

Қадрли опа-сингиллар!

Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганларидек, "Сиз, ҳурматли аёлларимиз, ўзингизнинг оналик меҳрингиз, ҳаётий билим ва тажрибангиз билан фарзандларимизни турли хавф-хатарлардан асрашда, уларни мустаҳкам иродали, маънавий-интеллектуал жиҳатдан етук, жонажон Ватанимизга садоқатли инсонлар этиб тарбиялашда бундан буён ҳам куч-ғайратингизни аямайсиз, деб ишонаман. Айниқса, қиз болаларни ҳаётга тайёрлаш, уларни замонавий билимлар, касб-ҳунарларга ўргатишда биз, аввало, сизларга суянамиз". Зеро, аёлга эҳтиром кўрсатиш — давлатга, жамиятга, миллатга, эртанги истиқболи порлаган кунимизга, келажак авлодимизга эҳтиром кўрсатиш демакдир.

 

Азиз ва муҳтарама онахонлар, опа-сингиллар, лобар қизлар!

Сўзим ниҳоясида барчангизни Халқаро хотин-қизлар байрами билан яна бир бор самимий муборакбод этаман. Оилангиз, фарзандларингиз, эл-юртимиз, биз эркакларнинг бахтига ҳамиша соғ-омон, бахт-иқболли бўлинглар! Нега деганда, аёлларимизнинг бахти — халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир. Барчангизга мустаҳкам саломатлик, тинч ва осуда ҳаёт, оилавий фаровонлик ва хотиржамлик, хонадонларингизга тўкин-сочинлик, файзу барака тилайман.

 


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари