БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ассалому алайкум, қадрли онахонлар!
Мунис ва меҳрибон опа-сингиллар!

Энг гўзал ойнинг энг нафис байрами - хотин-қизларга эҳтиром кўрсатиш анъанаси йил сайин умумдавлат аҳамиятига эга бўлиб, юқори мақом даражасига кўтарилмоқда. Жамиятнинг маданият даражаси, маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади.

Донолар айтганидек, дунёда аёл меҳрининг баҳосини ўлчайдиган меъзон, тенглаштирадиган бойлик йўқ. Бу аёл деган улуғ хилқатда нозик таъб, буюк қалб, назокатли кўнгил, бетакрор фидоийлик, она жасорати мужассамлиги натижасидир.

Мана шундай фазилатлар эгаси бўлган ҳар бирингизга байрам муборак бўлсин!

 Азиз опа-сингиллар!

Аёллар шарафига Тожмаҳаллар қурилган, бир дона ҳолига гўзал шаҳарлар фидо қилинган, шоирларга энг шоҳ сатрлар илҳомини берган, хукмдорларга улкан шаҳарларни обод этиш ғайратини бахш этган аёл зотини улуғлайдиган кунларимиз бор бўлсин!

Ҳалқимизда “Отаси яхши-биттаси яхши, онаси-яхши ҳаммаси яхши” деган нақл бор. Жами фазлу яхшилик аёлдан бошланади. Дарҳақиқат, аёлга нима керак? Аёлга бахт, меҳр ва муҳаббат керак! Ҳар бир аёл ўз оиласи, қўрғони, кўнгли тинч, юрти ва фарзанди омон, бошида турган бошпаноҳи-турмуш ўртоғи соғ бўлса, ҳамиша ўзида яшашга, турмушда катта ўзгаришлар ясашга куч топа олади.

Бу кўҳна тарих Тўмарис, Нодирабегим, Гулбаданбегим, Увайсий, Зулфия, Саида Зуннуновадек буюк аждодларимизнинг миллатимиз шаъни, ор-номусини сақлаш йўлидаги жасоратларига гувоҳдир. Улуғ момоларимизга хос бўлган ноёб фазилатлар замонамиз аёллари сиймосида ҳам давом этаётганидан беҳад фахрланамиз.

Жаннатмонанд юртимиз туманимизнинг шон-шарафини тобора юксалтиришда жонкуярлик қилаётган, ҳалол ва самарали меҳнатлари билан эътирофга сазовор бўлаётган хотин-қизлар сафи йил сайин кенгайиб бораётгани барчамизни қувонтирмоқда.

Бугунги кунда туманимизда ижтимоий ҳаётининг энг муҳим соҳаларидан бўлган халқ таълими тизимида, соғлиқни сақлаш тизимида, маданият ва санъат соҳасида, фан ва илмий хизмат кўрсатиш соҳасида, шу билан биргаликда молия, кредит, суғурта, пенсия таъминоти тизимларида ҳам аёлларимиз юқори фоизларни ташкил этаётганлиги сафимизда нечоғли салоҳият эгалари борлигини кўрсатиб турибди.

Мамлакатимизда билимли, оқила, ҳар томонлама тенгдошларига ўрнак кўрсатаётган зукко қизларимиз сафи йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Уларнинг фан-таълим, адабиёт, санъат, маданият соҳаларида эришаётган муваффақиятлари билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Хотин-қизларимизни спорт соҳасида эришаётган ютуқлари ҳам нафақат Ўзбекистонни, балки бутун дунёни лол қолдимоқда десам асло муболаға бўлмайди.

Туманимизда барча оналар бугунги кунда фарзандлари, невара, чеваралари қувончи билан, эл-юрт ардоғида яшамоқдалар. Кўплаб нуроний онахонларимиз фарзандларига ҳаётий тажриба ва билимларини ўргатиб, ҳаётнинг оғир енгилига тайёрлаб бораётганлари алоҳида эътиборга лойиқ.

Юртимизнинг шундай онахонлари борки, уларнинг номи бутун бир тарих саҳифаларини безашга, келажак авлодга ибрат қилиб кўрсатишга арзийди, эзгу ишлари эса юрти учун фахр-ифтихор намунаси бўла олади.

Ҳурматли онахонлар, қадрли опа-сингиллар!

Бугунги байрам ҳаммамизга, ҳар биримизга янги куч, янги ғайрат бағишлайди. Ишончим комилки, туманимиз аёллари ўзларининг ватанпарварлик ҳаракатлари, янгидан-янги ташаббуслари билан жаннатмонанд юртимиз равнақига янада баракали ҳиссаларини қўшадилар.
     
Туманимизда истиқомат қилаётган барча меҳрибон опа-сингилларимизга Яратгандан сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, эзгу ишларингизда муваффақиятлар тилайман.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.
Яна бир бор айёмингиз муборак бўлсин!


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари