БАЙРАМ ТАДБИРИ
8-март — "Халқаро хотин-қизлар куни" муносабати билан аёлларни улуғлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш мақсадида туманимизнинг муҳташам “Бек” тўйхонасида байрам тадбири ўтказилди.
Аёл борки, олам мунаввар, аёл борки, ҳаёт гўзал ва мафтункор. Аёли бор оила қут-баракали, файзли ва тароватли бўлади. Меҳрибон она, суюкли ёр, жонкуяр қиз бўлиш билан бир қаторда аёлларнинг юртимиз фаровонлиги, халқимиз равнақи йўлидаги хизматлари ҳамиша мақтовга ва эъзозга сазовор. Шунинг учун ҳам аёлларни иззат-икром қилиш ота-боболаримиздан қолган муқаддас удумдир.
Тадбирда туманнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётидаги барча соҳаларда хусусан, давлат бошқаруви ва вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, фермерлик, соғлиқни сақлаш, таълим, маърифат, маданият ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат олиб бораётган аёлларимиз, қизларимиз, шунингдек, меҳнат фахрийлари иштирок этишди.
Тадбирни кириш сўзи билан вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Саидов очиб, йиғилганларни, уларнинг сиймосида Қўшкўпир туманининг барча аёлларини табриклаб, ўзининг самимий тилакларини билдирди.
- Ватанимиз тараққиётида, оила ва жамият ҳаётида хотин-қизлар муҳим ўрин ва мавқега эга. Аёлларимиз мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, сиёсий-иқтисодий ҳаётидаги барча соҳаларда хусусан, давлат бошқаруви ва вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, фермерлик, соғлиқни сақлаш, таълим, маърифат, маданият ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат қилиб келаётганларини ҳар қанча эътироф этса бўлади, — деди вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Саидов
Тадбирда бир гуруҳ фидойи аёлларимизга туман ҳокимлигининг ташаккурномалари ва байрам совғалари топширилди.
Тадбирининг бадиий қисмида хушовоз хонандалар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар тадбир иштирокчиларининг кўнглига бир олам қувонч олиб кирди.
Қўшкўпир туман ҳокимлиги Матбуот хизмати