БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК АЗИЗ ЭЛДОШЛАР!
Барчамиз ғурур- ифтихор ила кутаётган , энг улуғ ва энг азиз байрамимиз-- Мустақилликка эришган, халқимизнинг асрий орзулари ушалган кун тобора яқинлашиб келмоқда. Истиқлол бизга энг улуғ неъматларни ато этганини, ўз она юртимиз озод бўлганини, ўзлигимизни англашга ва ўз йўлимизни эмин эркин белгилашга имкон яратганини бугунги кунда барчамиз чуқур англаймиз. Бу кунларни халқимиз асрлар оша орзу қилиб, аждодларимиз армон билан ўтиб кетганлари ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бу улуғ неъмат туфайли биз ўз юртимизнинг эгаси бўлдик, жаҳон ареналарида, БМТда байроғимиз ҳилпиради,Ўз мадҳиямиз, Конституциямизни яратдик. Энг қисқа фурсатда эса ўз тараққиёт йўлимизни белгилаган ҳолда ўзимизга ҳос ва мос тарзда бўлган, миллий манфаатларимизга ҳамоҳанг ҳолатда ривожланиш йўлига ўтиб олдик. Мана бу йил мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллигини катта тантаналар ва “Эл азиз, инсон азиз” шиори остида нишонламоқдамиз Бундай кунларда, яъни катта давраларда катта тантаналар билан байрамни нишонлаб, бир-бирларимизга самимий тилаклар билдирар эканмиз, беихтиёр ўтган кунларимизга бир бора назар ташлаймиз. Ўтган йиллар мамлакатимиз учун тараққиёт ва юксалишлар даври бўлганини бугунги кунда ҳар бир элдошимиз, ҳатто хорижликлар ҳам чуқур эътироф этаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Истиқлолгача бўлган даврда ўз тарихимизни чуқур ўргана олмадик, ота-боболаримиз мероси билан фахрланишдан маҳрум эдик. Биз зиёрат қиладиган кўпгина муқаддас қадамжоларимиз топталган, республикамиз фақатгина пахта хомашёси етказиб берадиган қолоқ ўлкага айланган эди. Лекин халқимиз бемисл қаҳрамонликлар кўрсатиб, энг оғир меҳнатларни бажарди,яхши кунларга тамал тоши қўйди, қатағон даврида энг зукко фарзандларини йўқотди, бироқ ҳеч қачон умидсизликка тушмади, ҳамиша шукур қилиб яшади ва мустақилликка интилди.
Мустақиллик туфайли миллий давлатчилигимиз тикланди, жаҳондаги мустақил ва суверен давлатлар қаторидан жой олдик, Бирлашган Миллатлар ташкилотига аъзо бўлдик. Бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти биз тўғри йўлни танлаганимизни эътироф этаётгани барчамизга яхши маълум. Чет мамлакатларда Ўзбекистоннинг ўз йўли борлиги, ҳеч бир давлатдан андоза олмасдан, собитқадамлик билан ислоҳотларни амалга ошираётганлиги эътироф этилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонни барча мамлакатлар танийди ва тан олади, ҳамда унинг халқига ҳавас билан боқадилар. Бундан қанча мақтансак, ғурурлансак арзийди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган йиллар давомида мамлакатимизда қонунлар қабул қилиш ва унинг ижросини таъминлаш масалалари ҳам такомиллаштирилди. Айнан икки палатали парламентнинг ташкил қилиниши демократия йўлида, халқ манфаатларини таъминлаш сари ташланган муҳим собитқадамлардан бўлди. Сайловлар демократик, умумий, ошкоралик, муқобиллик асосида ўтказилмоқда. Сиёсий партияларнинг роли ва ўрнини оширишга алоҳида аҳамият қаратилди. Депутатлар билан сайловчиларнинг ўзаро чамчарчас алоқасини мустаҳкамлаш мақсадида муҳтарам Президентимиз томонидан қатор ташаббуслар илгари сурилдики, бугунги кунда бу ўз самарасини бермоқда ва уларнинг халқ ичига кириб бориб, муаммоларини ҳал қилишга имкон яратмоқда. Бу эса мамлакатимиз тараққиётига ўзига хос ўрин тутмоқда, Халқнинг давлат идораларидан рози бўлиб яшашига ва турмуш даражасини ортишига ҳисса қўшмоқда. Маҳаллабай тизимда ишлаш ҳам барча даражадаги раҳбарлар ва депутатларни янада халққа яқинлаштирди.
Ҳурматли элдошлар! Бу йил ҳам байрамни кўпгина хушхабарлар, янгиликлар билан кутиб олмоқдамиз. Мамлакатимизда Янгидан Конституциявий қонун қабул қилинаётгани ва амалдаги Асосий Қонунимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётгани истиқболимизга , халқнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшашига хизмат қилиши айни ҳақиқатдир. Янги қонун лойиҳаси “халқ, жамият давлат”тамойилига асослангани билан аҳамиятлидир.. Бу ишларнинг замирида Президентимиз таъкидлаган “Халқ биздан рози бўлсин”ёхуд “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан қурамиз”ғоялари мужассамдир.
Ҳурматли ҳамюртлар, бир фикрни мамнуният билан таъкидлашни истардимки, ҳар гал сайловчилар билан учрашганимизда уларнинг дунёқараши юксалиб, ҳуқуқий маданияти ортиб, ҳаёти яхшиланиб бораётганини, айрим муаммолари ҳал бўлиб, қишлоқлар обод бўлаётганини ҳис қиламан, бу эса менга қувонч бағишлайди. Депутат сифатида уларнинг хизматида эканлигимдан ғурурланаман.
Азиз элдошлар! Фурсатдан фойдаланиб барчангизни энг улуғ байрам билан самимий қутлайман. Юртимизга тинчлик, хонадонларингизга файз барака, оилаларингизга тотувлик, қалбларингизга ҳаловат тилаб қоламан. Ҳамиша соғ - саломат бўлинглар, оғзибирчиликда яшаб ва ишлаб, Президентимиз ёнида жипслашган ҳолда Ватан тараққиётига ҳисса қўшиш барчамизга насиб этсин!
Муборак Аҳмедова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати