БАНКНИ АЛДАГАН НАФАҚАХЎР ФИРИБГАР ҚЎЛГА ТУШДИ
Шовот туманидан бўлган А.Н исмли аёл ўзи нафақада бўлишига қарамасдан банкдан кредит олиб, ажратилган кредитнинг қайтарилиши бўйича мажбуриятларни бажаришлари юзасидан кафилликни таъминловчи фуқаролар ҳисобидан кредитни сўндиришни мақсад қилиб, аслида ишсиз бўлган танишларини ўзининг олдиндан таниши бўлган М.Д исмли мактаб директоридан уларни мактабда турли вазифаларда ишлашлари тўғрисида маълумотномаларни олиб, ушбу маълумотномаларни ТИФ “Миллий банк” Урганч филиалига тақдим қилиб, банкни ишончига кириб, жами 54.800.000 сўмлик кредит пул маблағларини ўз мақсади йўлида фойдаланиш учун хусусий корхоналар ҳисоб рақамига ўтказиб, ушбу кредит тўловларини қайтармаслик учун хусусий корхоналардан ушбу пул маблағларини нақдлаштириб, ўз шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Мактаб директоридан олган маълумотлари банкдан силлиққина ўтиб, анчагина пулли бўлган А.Н исмли аёл янада бойишни истаб жиноий ҳаракатларини давом қилдириб, мактаб директори бўлган М.Д исмли танишидан гўёки олдинги олган маълумотларига банк томонидан кредит ажратилмаганлигини айтиб, ундан яна ўз танишларини ушбу мактабда турли вазифаларда ишлаши тўғрисида маълумотнома олиб, ушбу маълумотномаларни АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Хоразм минтақавий филиалига кредит олиш учун тақдим қилиб, банкдан жами 44.700.000 сўм кредит маблағларини хусусий корхоналар ҳисоб рақамига ўтказиб, ушбу кредит маблағларини нақдлаштириб олиб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
“Бузоқнинг югургани сомонхонагача” деганларидек, орадан кўп ўтмасдан А.Н исмли аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир туман суди томонидан мазмунан кўриб чиқилиб, А.Н исмли аёлга ва М.Д исмли мактаб директорига қонунда белгиланган тартибда жазо қўлланилди.
Жиноят ишлари бўйича
Қўшкўпир туман судининг раиси А.Аминов