Байрам табриги
Ассалому алайкум азиз ва муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар!
Сўзим аввалида, Сизларни, Сизлар орқали барча мўътабар онахонларимиз, мунис опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни нафосатли баҳорий айём, эзгулик ва гўзаллик байрами бўлган 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан чин дилдан самимий муборакбод этиб, барчангизга чуқур ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларимни билдираман!
Бу бетакрор байрамнинг айнан баҳорнинг ташрифи билан ҳамоҳанг тарзда нишонланишида ҳам ўзига хос мазмун-моҳият, ҳикмат ва фалсафа мужассам. Негаки, кўклам ташрифи билан борлиқнинг уйғониши, гулу чечакларга бурканиши, кўнгилларга ажиб бир хуш кайфият бахш этишини, таъбир жоиз бўлса, хонадонимизни гўё қуёш янглиғ ёритиб турган мафтункор аёлларимизга қиёслаш мумкин. Шу маънода, баҳор ва аёл сўзлари бир-бирига эгизак ва уйғундир.
Кейинги вақтларда мамлакатимизда хотин-қизларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, қонуний манфаатларини таъминлаш, сиёсий фаоллигини ошириш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, оила, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, мустаҳкам оилани шакллантириш масаласига қаратилаётган катта эътибор ва беқиёс ғамхўрлик жаҳон ҳамжамиятининг ҳам эътирофига сазовор бўлди. Натижада ўзбек аёлининг сиёсий-ҳуқуқий савияси юксалиб, ижтимоий фаоллиги тобора ортиб бормоқда. Хотин-қизларимиз бугун нафақат фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш соҳаларида, балки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида масъул вазифаларда ҳам самарали фаолият кўрсатишмоқда. Туманимизда ҳам илғор, ишнинг кўзини биладиган, уддабурон опа-сингилларимизнинг сафлари тобора кенгайиб бораётгани, улар юртимиз тараққиётига салмоқли ҳисса қўшаётганлари, албатта, барчамизга фахр-ифтихор туйғуларини бахш этади.
Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Айниқса, аёллар манфаатларини таъминлашда энг самарали тизим – “Аёллар дафтари”нинг юритилиши опа-сингилларимиз манфаатларини янада кенгроқ ҳимоя қилишда катта аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бир қаторда ўтган бир йил давомида “Аёллар дафтари”нинг 4-босқичига киритилган аёлларнинг 2495 нафари иш билан таъминланди, 418 нафарига имтиёзли кредитлар учун 3 млрд 780 млн сўм, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган ҳамда ногирон фарзанд тарбиялаётган аёлларга 2 млрд 536 млн сўм ажратилиб, 1 марталик моддий ёрдам кўрсатилди.
Туманимиз хотин-қизлари кўпгина соҳаларда юксак марраларга эришиб келмоқдалар. Жумладан, бир қатор таълим тизими фидойилари унвон ва кўкрак нишонлар билан тақдирланди. Ўтган йил мобайнида туманда 5 нафар ўқитувчи “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, 1 нафари “Дўстлик” ордени ҳамда
1 нафар аёлимиз “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди.
Ўзининг самарали меҳнатлари, фидойи хизматлари учун туманимиз аёллари 6 йилдан буён “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланиб келмоқдалар, шу қаторида бу йил ҳам туманимизда фаолият юритиб келаётган тадбиркор аёл Зулфия Қўшназарова ушбу мукофот билан тақдирлангани бизнинг фахру ғуруримиз бўлди.
Шунингдек, спорт соҳасида жами 82 нафар ёшлар спорт мусобақаларида фаол иштирок қилиб, олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритдилар. Бугунги кунда спортчиларнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида туманда изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда хотин-қизларни эъзозлаш, уларнинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзининг иқтидори, изланувчанлиги, муҳим ғоя ва ташаббуслари, ибратли амалий ишлари ва эришган ютуқлари билан юртимиз ёшларига ўрнак бўлиб келаётган, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб, Ватанимиз равнақи йўлида бор куч-ғайрати, замонавий билим ва малакаси, маънавий-интеллектуал салоҳиятини намоён этаётган қизларимизни муносиб рағбатлантириш мақсадида “Зулфия” номидаги давлат мукофоти таъсис этилган. Ушбу юксак мукофот билан туманимиздан Саъдуллаева Мадина Одамбой қизи тақдирланган.
Мамнуният билан шуни қайд этиш жоизки, жорий йилнинг 20 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида аёллар ва болаларни турли тазйиқлардан ҳимоя қилиш бўйича маҳалла даражасида алоҳида тизим яратилиши белгиланди. Унга кўра оғир вазиятдаги ёш оналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Оналар маскани” хизмати йўлга қўйилади. Бу эса ўз навбатида, аёлларга давлат сиёсати даражасида қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Бир сўз билан айтганда, халқимизни рози қилишдек олий мақсадга эришиш учун хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги барча ислоҳотлар ўзининг амалий натижасини бермоқда.
Маълумки, бугунги кунда туманимиз аҳолисининг қарийб ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Албатта, сизларнинг уй ва рўзғор юмушлари, фарзанд тарбияси, оила ҳаётидан ортиб, барча соҳа ва тармоқлардаги самарали меҳнатларингиз туманимиз ижтимоий-иқтисодий ривожида салмоқли ўрин эгаллайди.
Азиз ва муҳтарама онахонлар, опа-сингиллар, лобар қизлар!
Сўзим ниҳоясида Барчангизни бугунги баҳор ва нафосат, гўзаллик байрами билан яна бир бор самимий муборакбод этаман. Сизларга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман. Доимо оилангиз ва яқинларингиз, халқимиз ва жонажон Ватанимизнинг юксак меҳри ва ардоғида бўлиш бахти насиб этсин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Эътиборингиз учун ташаккур!