Блогер ҳамиша ҳақми?

Блогер ҳамиша ҳақми?

 Баъзан ижтимоий тармоқларда ўзини блогер атаб турли хил ахборотларни тарқатаётганларга дуч келасиз.. Албатта қизиқиб ўқийсиз. Ахборот олиш кимга ҳам ёқмайди. Бир томондан сўз эркинлиги берилганлиги, бу катта неъмат эканини ҳис қиласиз. Бироқ айрим блогерларнинг андишасизларча кимларгадир тлш отаётгани, ҳатто масъул лавозимда ўтирган  инсонларни айрим камчиликлар учун ҳақорат қилишгача бориб етаётганларига ҳайрон қолиб, “тавба” деб ёқа ушлайсиз. Сўз эркинлигини, фикр билдириш имконини суистеъмол қилаётганлар мактаб кўрганми ўзи, менталитетимизга хос бўлмаган бундай тарбияни қаердан олишди экан деб ўйлаб қоласиз. Ҳатто “ўрнингизни бўшатиб қўйинг, сиз бундай ўринга нолойиқсиз” деган хунукдан хунук таҳқирловчи сўзларни ҳам тилга олишади. 
 Бир танишим шундай ҳикоя қилади. 
 -Бир куни,- дейди у,- бир маҳалла ҳудудидан ўтган оқова сув қувури ёрилиб сув оқиб ётган экан. Дарҳол юқори ташкилотига хабар бердик. Усталар келиб қувурларни тузатаётса кимдир келиб ўзини “блогерман” деб таништирибди ва нари туринглар деб суратга олиб ижтимоий тармоқларга ташлабди. Ўша қувур ярим соатга қолмай тузатилди, камчилик бартараф қилинди. Бироқ ижтимоий тармоқларда “фалон жойнинг эгаси йўқ, раҳбарлар бепарво, қувурлар тешилиб кетган” деган хабар анча жойга тарқалиб бўлди. Биргина, қолаверса тузатиш мумкин бўлган камчиликни кўрсатиб бутун  дунёга жар солишдан мақсад нима эканлигини тушуниш қийин. “Балки шу йўл билан танилиб, машҳур бўлиб кетарман”  деб ўйлар?!
 Яқинда ижтимоий тармоқларда бир блогер “онахонга ёрдам керак” дея видеотасвирни намойиш қилди.. Блогер онахондан ўзича интерью олган бўлди. Онахон унга қараб “ менга ёрдам беринг. Ҳеч ким ҳолимдан хабар олмайди  ёшим 60 дан ошган, 68 ёшли турмуш ўртоғимдан бошқа ҳеч ким менга ёрдам бермайди. На фуқаролар йиғини раиси, на ҳокимиятдан вакиллар келиб хабар олишади, ўзим касалман” деган гапларни гапирди. Шундан кейин блогер ўзича мавзуни очиб берган бўлиб, ҳовлининг кўринишини тасвирга олиб ташлади ва “сектор раҳбарлари, депутатларнинг кўзи қаерда экан” деб мавзуга якун ясади. Бу видеотасвирни кўрган бир раҳбар ўша онахоннинг уйига борибди. Онахон ростдан ҳам дардга чалинган. Суриштириб кўрса, фуқаролар йиғини томонидан белгиланган тарзда моддий ёрдам кўрсатилган. Ўша онахон суҳбат орасида уйига маҳаллий кенгаш депутати ҳам келганини, ҳокимнинг бир ўринбосари эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олганида уникига ҳам кириб, ҳатто ўз ҳисобидан укол дорилар олиб берганини айтиб қолди. Яна энг қизиғи унинг 9 нафар фарзанди бўлиб, тўрт нафар ўғли алоҳида яшаркан, қизлари ҳам турмуш қуришган. Ўғиллардан бирини суҳбатга тортса, “мен онам билан отамга ёрдам беролмайман, фуқаролар йиғинидагилар хабар олсинлар” деган гапларни гапирди. Ёқа ушлашдан бошқа иложингиз йўқ! Қани айтингчи, блогер мавзуга тўғри ёндашганми? Ота билан она пенсионер, дори дармонига пул етмаганида ўғиллар суяши керак эмасми? Қизлар, келинлар келиб ош-овқатига қарашлари лозим эди-ку? Блогер афсус танқид тиғини раҳбарларга қаратди..Виждонсиз фарзандлардан кўра раҳбарларни танқид қилсам ҳамма қизиқиб ўқийди деб ўйладими, муаммони қайтарзда ҳал қилишга тафаккури етмадими ёҳуд ғаразли мақсади борми бу бизга қоронғу. яна суҳбат орасида онахон блогерга фалон сўм беришгани, буни қизи тўлаганини айтиб қўйди.Блогерга беришга топилган пул онанинг дори -дармонига келганда “йўқ” эканига нима дейсиз? Ўша блогер ҳақида суриштирганимизда фақат ўрта маълумоти борлиги, ижтимоий тармоқларга имло хатолар билан хабар йўллаши маълум бўлди. Аҳвол тушунарли, унинг ўрнида агар журналист бўлганида воқеани чуқур ўрганган ва бу ҳолатни ижтимоий тармоққа чиқазиш эмас, фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда ҳал қилиш, фарзандлар виждонини уйғотиш йўлидан борар, раҳбарларни айблашга ҳеч қандай асос йўқлигини тушуниб етган бўларди.
   Ҳа, баъзан ижтимоий тармоқларда аюҳаннос солиб, кимларгадир қора чаплаб ҳузур топаётган блогерларнинг барчасини ҳақ деб билманг.
М.Тиллаева


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари