Бобо ва бувилар невараларининг ҳақиқий қаҳрамонидир.
“Менинг қаҳрамоним бу - Бобурнинг онаси, чунки унга доим чокателло олиб беради”. Телеэкран орқали бот-бот такрорланган ушбу чокателло рекламаси деярли барчанинг хотираси қолган, чамаси. Худди шунингдек, қўшкўпирлик болажонларнинг Бобурнинг онаси эмас, балки ўзларининг бобо ва бувилари ҳақиқий қаҳрамонига айланишган.
“Иттифоқ” маҳалласида истиқомад қилувчи Собировлар оиласида тарбия топаётган сулола давомчилари бугун карантин туфайли уйда қолиб, онлайн тарзда ўқишни давом эттирмоқдалар. Бироқ, ушбу дарс жараёнида фақат ўзлари эмас, бевосита бобо ва бувилари ҳам фаол иштирок этишяпти. Оила устуни бўлган Равшан бобо ҳамда уйнинг фариштаси Тўхтажон момолар асли педагог бўлишган. Ўқувчиларга қандай таълим ва тарбия бериш, уларни комил инсон қилиб тарбиялашни жуда яхши билишади.
Невара ва чевараларининг қалбига кичиклигидан алла ва эртакларни сингдирган ушбу инсонлар бугун илм ўчоғини яратиш орқали сулола давомчиларининг ҳақиқий қаҳрамонига айланиб улгуришган. Устозларининг онлайн орқали берган топшириқ ва уй вазифаларини вақтида, аъло даражада бажариш устида бош қотиришади. Дарсдан бўш вақтларда эса доим бадиий адабиётлар мутолааси билан шуғулланишга одатланган оила устунлари китобхонлиги билан ҳам невараларига ўрнак бўлмоқдалар.
Ҳар бир оилада анашундай осойишталик ва меҳр уфуриб турса, ўша оилада ўсган болаларнинг ҳақиқий қаҳрамони, албатта, суюкли бувиси ва бобоси бўлади.