ЧЎМИЛИШ ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ ҚИЛИНГ!

Болалар орзиқиб  кутган ёзги  таътил  кунларини  мароқли ва қизиқарли  ўтишига  биз катталар  масъулдирмиз. Ёзги  дам олиш таътили болалар учун  мароқли бўлиб, баъзан сувда ва  сайилда  турли  хавф-хатарлар, бахтсиз ходисалар туғдириши мумкин. Бахтсиз ходисаларнинг  кўпчилиги  хавфсизлик қоидаларига  риоя қилмаслик оқибатида содир бўлиши кузатилган. Шунинг  учун  болаларимизга  хавфсизлик қоидаларини  доимий  равишда  ўргатиб  боришимиз зарур.

Ёз мавсуми бошланган бўлсада, юртимизда оқиб ўтувчи каналлардаги сувнинг ҳарорати нисбатан пастлиги, сув оқимининг тезлиги, маҳаллалар ҳудудидан ўтувчи каналлар бўйида яшовчи аҳоли томонидан ёш болаларнинг қаровсиз ва эътиборсиз қолдирилиши, маданият ва истироҳат боғларида болаларнинг ўз ихтиёрига ташлаб қўйилиши, барча ёшдаги фуқароларнинг спиртли ичимликларни истеъмол қилиб, сергакликларини йўқотиб қўйишлари, республика вилоятларидан ўқишга келган абитуриент ва талабаларнинг чўмилиш тақиқланган жойларда чўмилишлари ва бошқа ҳолатлар кўнгилсиз ҳодисаларни келтириб чиқариши мумкин.

Сув ҳавзалари ва чўмилиш жойларидаги мавжуд моторли, қутқарув, сузиш қайиқлари ва катамаранларнинг техник ҳолатини текширувдан ўтказиб, яроқлилиги бўйича хулоса олиш, текширув давомида аниқланган носоз сузиш қайиқлари ва катамаранларнинг фаолият кўрсатишини тақиқлаш, очиқ ва ёпиқ сув ҳавзаларида, ташкил этилган аҳолининг дам олиш ва чўмилиш масканларида кузатув минораларини ўрнатиш, қутқарув қайиғи, сузиш қайиқлари, қутқарув жилетлари, қутқарув айланмаси, овоз кучайтиргич, ҳуштак ва бинокль, ғаввослик ва қутқарув асбоб-ускуналари билан таъминлаш, оммавий чўмилиш (қўриқланадиган ва қўриқланмайдиган канал, кўл, пляж, бассейнлар ва ҳоказо) жойларининг мавсумга тайёргарлиги, сув ҳавзаларида чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва фуқароларга ўз вақтида биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш керак. Чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича аҳолига аниқ кўринадиган жойларга тақиқловчи белгилар ўрнатилганлиги ва у ердаги болалар ва катта ёшдагиларни қутқаришга ихтисослаштирилган тузилмаларнинг ташкил этилганлиги, хавфсизлик талабларига риоя қилинишини таъминлаш зарур бўлади.

Фавқулодда вазиятлар шароитларида биринчи тиббий ёрдам кўрсатишдан ташқари тиббий тайёргарликдан ўтадиган корхона, ташкилот, муассасалар ва таълим муасссасалари тиббий ходимлари ва маҳалла кўнгиллиларига аҳолини кундалик ҳаётида содир бўладиган сувда чўкиш билан боғлиқ  биринчи тиббий ёрдам кўрсата олиш бўйича кўникмаларини ошириш мақсадга мувофиқдир.

Ёз ойларида сув ҳавзаларига яқин ҳудудларда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалалари биринчи даражали аҳамият касб этади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан бошқа бир қатор вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда сув омборлари, оромгоҳлар ҳолати ўрганиб чиқилади. Шуни эслатиб ўтиш зарурки, фақат қутқарув хизмати бўлган жойлардагина чўмилишга рухсат этилади. Шунда бахтсиз ҳодиса юз берса, яъни бирор бир одам сувда чўка бошласа, қутқарув хизмати тезда ёрдамга етиб келади.

Чўкаётган одамни қутқариш. Чўкаётганни қутқариш учун унга орқа томондан сузиб бориш керак, агар бунинг имкони бўлмаса, унинг остига шўнғиш керак. Чап қўл билан ўнг оёқ тизасини қаттиқ итариб чўкаётгани ўзига орқача билан тескари  қилиб олиш керак. Бунда чўкаётган киши тартибсиз харакат қилаётганида қилинади. Чўкувчининг орқасига ўтиб олгач қутқарувчи ўз қўлини ўнг қўлининг қўлтиғидан ўтказади ва қўли билан елкасини қаттиқ ушлаб, сув юзасига чиқади ва ҳавфсиз жойга сузиб боради.

Сувда ёрдам кўрсатаётганда, чўкаётгани қутқарувчи ушлаб олишини эсида тутиб, уни маҳкам ёпишиб олишларидан озод бўлишининг бир неча усулларини билиши керак.         Ушлаб олишларидан озод бўлиш усуллари: бошни ушлаб олиш, қўл остидан ушлаш, тирсаклардан тепасидан ушлаш, қўлтиқдан ушлаб олиш, ёқадан ёки сочидан ушлаш усуллари мавжуд.

Энг ачинарли томони шундаки, бахтсиз ҳодисалар содир бўлишининг асосий сабаби дам олувчиларнинг оддийгина сув ҳавзаларида чўмилиш қоидаларини билмасликлари ва ўзларнинг хавфсизликларини таъминламаган ҳолда белгиланмаган яъни, таъқиқланган очиқ сув ҳавзаларида ўзбошимчалик чўмилиш оқибатида рўй бермоқда.

Инсон саломатлиги, унинг хавфсизлиги асосий масала экан, ҳар биримиз юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, табиий офат содир бўлганда тўғри ҳаракат қилишни ташкил этишга маъсулият билан ёндашайлик!

Шундай экан юртимизда мавжуд чўмилиш ҳавзаларидан фойдаланганда ҳушёр бўлиш, бу борада маълум қоидаларга амал қилиш ҳамда фарзандларимизнинг таъқиқланган жойларда чўмилмаслигини назорат қилиш орқали уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

 

 

Кўшкўпир тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи

майор Д.Р.Жаббаров


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари