ДАБДАБА БАХТ КАЛИТИ ЭМАС

         Бир хил русум ва рангдаги қатор машиналар, фалон долларлик келин либоси, маданиятимизга тўғри келмайдиган, ибо-андишадан йироқ одатлар, авлод-аждодига аталадиган сарполар, кети узилмайдиган қозон-қозон овқатлар, қатор созанда ва раққосалар...Хуллас, булар ортиқча дабдабабозлик, ўзини кўз-кўз қилиш, мақтанчоқликдан  бошқа нарса эмас. Табиийки, орамизда бугун шохона тўй қилиб, пул топиш, тўй харажатларига кетган қарзларни узиш учун умрини ўзга мамлакатларда ўтказаётган, бир сўз билан айтганда аёлининг истеъмоли учун бир килограмм олма сотиб олишга пул топишга қийналаётганлар ҳам йўқ эмас. Шу каби ҳолатлар эса эртага ажрим, қуда-андачилик муносабатларига нифоқ солиш каби турли муаммоларни келтириб чиқаради. Бундай ҳолатлар эса шубҳасиз, дабдабабозликнинг оқибатидир.

         Тўйларни ихчамлаштириш, ортиқча дабдабани олдини олиш, келин-куёв ва минг йилчиликка асосланган қуда-андачилик, қолаверса, қариндош – уруғ, қўни-қўшнилар билан муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида Қўшкўпир тумани ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, “Оила”  илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамкорлигида турли мавзуларда семинар-тренинглар, тушунтириш ишлари, тарғибот учрашувлар ўтказиб келинмоқда. Тумандаги оила қуриш остонасида турган йигит-қизлар “Бўлғуси келин-куёлар инновацион мактаби” га жалб қилинмоқда.

         - Бола оила муқаддас қўрғон эканлигини  кимдан ва қачон  ўрганади? Унга ўргатувчи ким ва у қандай таълим ва тушунчага эга?  Аввало ота-она деб биламиз. Бироқ ота-она тўла тушунчага эга бўлмасдан, оила нималигини билмасдан ёки ажрим деган тушунча билан яшаётган ота-она фарзандига қандай намуна бўла олиши мумкин?-дейди Қўшкўпир тумани “Оила”  илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари Саробиби Матёқубова.- Эртага анашундай фожеалар юз бермасидан ҳаракатни, оила илмини ўргатишни  бугундан бошлаш зарур. Марказимизда таҳсил олаётган бўлғуси келин-куёвлар яхши натижаларни кўрсатмоқдалар. Туманимизнинг кўплаб ҳудудларида тўйдан бир кун олдин тўйхоналарда ўтказиб келинаётган қизлар базми уйда ихчам, дабдабасиз ўтказиб келинмоқда. Ҳар бир келин-куёв марказимиз томонидан тақдим этилган “Оила сабоқлари”, “Мустаҳкам оилага йўлланма” каби қўлланмалар, “Қайнона ва келин муносабати”, “Қўшничилик муносабати”, “Овсинчилик муносабати” каби китобчаларни ўқиб, моҳиятини англаб олмоқдалар. Бундай келин-куёвлар эса эртага фарзандига намуна бўла оладилар.

         -Оила шундай муқаддас масканки, уни мустаҳкамлаш, қадрлаш, асраб қолиш учун инсондан кучли ирода ва сабр талаб этилади,-дейди туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Ойбиби Раҳимова.-Куч ва ирода, сабр бўлмаган жойда эса турли кўнгилсизликлар, аянчли оқибатлар гирдобига чўкиш ҳеч гап эмас. Кўп муаммолар тўйдан кейин бошланишининг бирдан бир сабаби ҳам аслида тўйнинг тўкин-сочин усулда, ортиқча дабдаба билан ўтишидир. Ҳозирда кўп ҳолларда тўйнинг қандай усулда ўтиши ёшларнинг фикрига таяниляпти. Шу ўринда эса оилада ота-онанинг ўрни йўқолганини сезиш қийин эмас. Бундай ёшлар эса ота-она туриб  эртага оилага устун бўлгиси келади. Каттага ҳурмат тушунчасини унутиб қўядилар. Ваҳолангки, ушбу ўринда ота-оналар ҳам катта хатога йўл қўйишади. Фарзандларига тўғри тушунтиришлар бериб, вақтида тўғри тарбиялаб борсалар оилада тарти-интизом, ҳурмат-иззат тушунчалари ҳукм суриб, оила мустаҳкамлигига эришилади.   

         Ҳа, келажак бугундан бошланади. Илм ўрганишнинг эса эрта-кечи бўлмайди. Туман “Оила”  илмий-амалий тадқиқот марказида илм олаётган бўлғуси ёш келин-куёвлар эса шубҳасиз эртамиз, келажагимиз учун мустаҳкам қалқон бўлишади.


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари