Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Саноат қурилиш ва савдо масалалари” кўмитаси раиси Мурод Қобилов раҳбарлигидаги депутатлар, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муборак Аҳмедова Қўшкўпир туманида бўлиб, ИИО ФМБ қарашли 3-сектор ҳудудида секторлар томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўргандилар.
Яъни, Президент Фармон ва Қарорлари ижроси юзасидан аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, аҳолининг камбағал қатламини камбағалчиликдан чиқариш, аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларини ҳал этиш масалаларига эътибор қаратдилар.
Депутатлар тумандаги “Маданият” маҳалласида истиқомат қилаётган олдин камбағал, бугун эса камбағалчиликдан чиқиб, ўз даромадини ўзи топаётган хонадонлар шароити билан танишдилар. Улар билан суҳбатлашиб, муаммоларини ўргандилар.
Шу маҳаллада яшовчи эҳтиёжманд, камбағал оилалардан Ҳайитжон Ражабова бир пайтлар рўзғорини тебратишда қийинчиликларга учраган бўлсада, бугун кўзига қувонч ёшларини олиб, қўлларини дуога очди ва бугунига, яратиб берилаётган шароитларга шукрона келтирди.
-Яқинда уйимизга қўй олиб келишди,-дейди Ҳайитжон Ражабова.-Томорқамиздан иссиқхона қуриб беришларини айтишди. Ушбу саховатли, беминнат хизматлардан жуда миннатдорман. Келиним ишсиз эди. Туман ободонлаштириш бўлимига ишга жойлаштиришда кўмак берилди. Президентимизга чексиз раҳмат айтаман, бизнинг оилаларимизни қўллаб-қувватламоқда. Ҳар бир муаммомизни ўрганиб, ечимига жиддий ёндошмоқдалар. Энди биз ҳам оиламиз билан бирлашиб, ўз даромадимизни ўзимиз топа оламиз.
Худди шунингдек, ушбу маҳаллада яшовчи боқувчисини йўқотган, 3 нафар фарзанднинг онаси Ленинза Алиевага муҳтожликдан чиқиб кетиш учун тандирхона қуриб берилди. Бугун Л.Алиева бюртма асосида нон ёпиб ўз оиласини ўзи тебратмоқда. Депутатлар томонидан эса эндиликда ушбу фаолиятни янада кенгайтириш, бу орқали эса янада кўпроқ нон ёпиб, бозор расталарига ҳам етказиб бериш таклифи билдирилди.
Шунингдек, фуқаро, I гуруҳ ногирони Дилором Матёқубованинг аҳволи ҳам ўрганилди. Ушбу фуқарога озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга ногиронлик аравачаси ҳамда 3-сектор томонидан 1 млн сўм пул маблағи берилган. Шу билан биргаликда тумандаги 3-сектор ҳудуди доирасидаги “Қўшкўпир селекат ғишт заводи”, “Кенагас қуён савдо” МЧЖ, “Элита чорва” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишдилар. Мавжуд муаммоларни ўрганиб, асосли таклифлар киритдилар.
3-сектор ҳудудида жами 13 та маҳалла мавжуд бўлиб, ушбу маҳаллаларда 7158 та хонадонда 43071 нафар фуқаролар истиқомат қилади. Ушбу фуқаролардан иш билан банд бўлган аҳоли сони 16051 нафарни, ишсизлар сони 2313 нафарни, нафақадагилар сони 4376 нафарни, боқувчисини йўқотган оилалар сони 114 нафарни ва якка-ёлғиз яшовчилар сони 9 нафарни ташкил қилади. Ушбу сектор ҳудудида ўта ночор ва ёрдамга муҳтож 389 та оилалар ва улардаги 1823 нафар оила аъзолари рўйхати шакллантирилган. Коронавирус пандемияси шароитида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 389 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ўз хоҳишига кўра ихтиёрий тарзда 229 та тадбиркорлик субъектлари беркитилди. Бандлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, карантин шароитида эҳтиёжманд оилалардаги мавжуд 261 нафар ишсиз фуқаро иш билан таъминланди. Яъни, 64 нафари бюджет ташкилотларга, 16 нафари ишлаб чиқариш корхоналарга, 3 нафари қурилиш ташкилотларига, 5 нафари жамоатчилик ишларига жойлаштирилди.