Даладаги дилкушо дамлар
15 октябрь- Халқаро қишлоқ аёллари куни туманимизда кенг нишонланди. “Собиржон - Ўртаёпли” фермер хўжалигининг дала шийпонида бўлиб ўтган тантанали ва мусиқий тадбир бундан нишонадир.
Ушбу тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари, хотин қизлар қўмитасининг раиси Ойбиби Раҳимова, туман фаоллари, Ўртаёп маҳалласи фуқаролар йиғини раиси, маҳаллалар мутахассислари қатнашдилар. Тадбир айни тушлик пайти, бир пиёла чой устида бўлиб ўтди. Байрам муносабати билан Ойбиби Раҳимова қишлоқ аёлларини қутлади ва уларни халқ хўжалиги ривожида, бозорда рақобатбардош маҳсулотлар кўпайишида ҳиссалари катта эканлигини таъкидлади. Йиғим терим даврида эса алоҳида шижоат кўрсатаётганликларини эътироф этди. “Собиржон Ўртаёп”фермер хўжалиги раҳбари Ҳамидбек Собиров қимматли хомашёни йиғиштириб олишда яқиндан ёрдам берган теримчиларга совға саломлар топширди. Ойбиби Раҳимова ҳам ўз миннатдорчилигини билдириб, туман хотин қизлар қўмитасининг “Ташаккурнома”си ва эсдалик совғаларини тақдим қилди. Тантанали тадбир қувноқ куй қўшиқларга уланиб кетди. Таниқли қизиқчи, Жоқучи кампирлар- Отабек ва Фарҳод қизиқчилар, шоир Ойбек Тилла даврага алоҳида файз киритишди. Фермер мавсумда 150 нафар ҳашарчи ёрдамга келганини, улар уй бекалари ва уюшмаган ёшлардан иборат эканлигини таъкидлаб, хўжалик аъзолари Дилфуза Олланазарова, Дилбар Қулжонова, Отабой Матёқубов, Садоқат Матчоновалар барчага ибрат бўлиб ишлаганликларини айтиб ўтди. Хурсандчилик, дилга ором улашган тадбирдан сўнг теримчилар палов билан сийландилар.