Демографияга оид ишончли маълумотлар айнан аҳолини рўйхатга олиш асосида олинади
Янги йилнинг илк кунида Ўзбекистонда 2 316 нафар чақалоқ дунёга келди.
Вилоятимизда бу кўрсаткич 115 нафарни ташкил қилган. Республика бўйича бу - 10- кўрсаткич.
2021- йилнинг 1- январ куни мамлакатимизда 1 644 та туғилиш ҳолатлари қайд қилинган эди.
Ушбу статистик маълумотлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган 2022- йилнинг илк демографик статистикаси бўлди десак, муболаға бўлмайди.
Демографик статистика –аҳоли статистикаси бўлиб, аҳоли ва унинг алоҳида гуруҳларининг миқдори, таркиби , жойлашиши ва такрор барпо бўлиши ҳақидаги статистик услуб асосида маълумотлар тўплаш, уларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш билан шуғулланади. Демографик статистика аҳолининг демографик ҳолати, яъни туғилиш, ўлиш, никоҳ ва ажралиш, аҳолининг табиий ўсиши ҳақидаги рақам кўрсаткичлар йиғиндисидан иборатдир.
Демографик жараёнларни мамлакат ҳаётининг барча соҳаларига таъсири бор. Аввало, ушбу маълумотлар аҳолининг меҳнат билан бандлик ҳамда ишсизлик даражасининг миқдорига, ялпи ишлаб чиқаришнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган ўртача даромад кўрсаткичларига, уй-жой билан таъминлаш, пенсия ва нафақа таъминотининг шаклланишига таъсир кўрсатади.
Қарийб 30 йилдан ортиқ давр мобайнида мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилмаганлиги боис, демографик статистика 1989- йилдаги аҳолини рўйхатга олиш натижаларидан фойдаланган ҳолда тузилмоқда.
Шу сабабдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020- йил 11- ноябрдаги 710-сон қарори билан республикамизда аҳолини рўйхатга олиш тадбири 2023- йилнинг 1-25 ноябр кунлари ўтказилиши белгиланди. Бу ўз навбатида демографик маълумотларни янада ишончли, очиқ ва шаффофлигини таъминлашга, ундан фойдаланувчилар учун янада қулайлик ва имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Хоразм вилояти статистика бошқармаси Ахборот хизмати