Депутат Муборак Аҳмедова сайловчилар билан учрашди
124-Қушкўпир сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутат Аҳмедова Муборак Марксовна Қўшкўпир туманида бўлиб ўз сайловчилари билан учрашди. Туманнинг энг чекка ҳудудларига бориб аҳолини кийнаётган муаммолари, дард-у ташвишлари, фикрлари билан кизикди.
Оқдарбанд қишлоғидаги 24-сон мактабдаги учрашувда ўқитувчи ҳамда шу даргоҳда таълим олаётган ўқувчиларнинг ота-оналари томонидан мактаб спорт залининг таъмирталаб эканлиги, шароитлар билан таъминлаш зарурлиги айтилди.
Депутат мактаб фаолияти, шарт-шароитлари билан танишди, камчиликларни қайд қилди. Шунингдек, депутат туманда фаолият олиб бораётган тадбиркор, ҳунармандлар билан учрашди. Ҳунарманд Зулфия Қўшназарова томонидан билдирилган тадбиркорликни янада кенгайтириш учун бино муаммо эканлиги айтилди. 27-сонли МТТ биносининг эскиргани, ташкилотда болажонлар учун яна қўшимча ўринларни ташкил этиш муҳимлиги, ички хожатхоналарнинг мавжуд эмаслиги каби муаммолар ўртага ташланди.
Кўназей қишлоғида яшовчи фуқаролар томонидан билдирилган тоза ичимлик суви, табиий газ, ички йўлларни таъмирлаш муаммоларига эътибор қаратилди. Хотин-қизлар томонидан билдирилган ишсизлик масаласи эса шу ернинг ўзида ижобий ечимини топди.
Яъни, тикувчилик билан шуғулланиш истагидаги аёлларга ишлар таклиф қилинди. Учрашувда О.Раҳимова, М.Тиллаева, Ш.Тангрибергановалар ҳам иштирок этдилар.