Бугун жамиятимизда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, тинчлик барқарорлигини таъминлаш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъий назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиб бериш бугунги кунда давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Бугун халқ ва миллатлар ўртасида анашундай муносабатни янада мустаҳкамлаш мақсадида Қўшкўпир туманининг “Ошоққалъа” маҳалласи Маданият марказида Хоразм вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлари билан алоқалар бўйича ўринбосари Маҳмуджон Умурзақов, “Ўзбек-Туркман” дўстлик жамияти фаоли Давлатназар Ражабов, туман ҳокимининг ўринбосари Рўзимбой Дўстчановлар кўп миллатдан ташкил топган аҳоли билан учрашдилар.
Халқаро ҳамжамиятда мамлакатимиз нуфузининг ошиши фуқароларнинг ирқи, миллати, тили, эътиқоди, шахси ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, қонун олдида тенглигини таъминлаш ҳамда турли миллат ва элатлар вакилларининг тили, урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, уларни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш билан боғлиқ фиклар билдирилди.
Миллат ва элат вакиллари томонидан берилган саволларга жавоблар берилди. Шунингдек, кўп миллатдан ташкил топган Оқдарбанд қишлоғида кейинги йилларда ижобий ўзгаришлар юз бергани, “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида кўчалар ва уйлар янги қиёфа касб этгани ва “Ошоққалъа” маҳалласида замонавий, барча шарт-шароитларга эга Маданият марказининг қад ростлагани, бу билан шу ҳудудда истиқомат қилувчи барча фуқаролар ҳурмат ва эътиборда эканлиги мамнунлик билан тилга олинди.