Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида “Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси“ тарқалишининг олдини олишдир” , - дея таъкидлаб ўтганди.
Дарҳақиқат, диний экстремизм ва терроризм деган бало дунёни кўплаб мамлакатларида ўзининг ғаразли мақсадларини амалга ошириш билан ном қозонмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ҳамда меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби ғаразли мақсадларни амалга оширмоқда. Айниқса, интернет тармоғида ўзини “Ислом давлати” (ИШИД), “Жабҳат ал-Нусра” деб атаб олган террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқот кенг кўламда олиб борилаётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиб даъвосида Сурия ва Ироқ ҳудудига бориб, ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Афсуски, ёшларнинг муайян қисми ҳақиқатда ҳам ўша оқимларни ислом динини бутун дунёга тарқатиш, исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ўрнатишни мақсад қилган ташкилот деб ҳисоблайди. Бундай фикрловчилар Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ёшлар юқорида қайд этилган ҳудудларда инсонларга қарши содир этилаётган жиноятларни гўёки халифалик қуриш учун жоиз амал ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар. Аслида, мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари - “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик”, “кофир бўлиш” каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувларга сафарбар этишдан иборат. Шундай экан ҳар бир инсон огоҳ ва ҳушёр бўлиб, бутун жамият тақдирига, ёшлар келажагига бефарқ бўлмасдан бундай оқимлар таъсирига қарши биргаликда курашмоғи лозим.