ЭКОБОЗОРНИНГ ОЧИЛИШИунутилмас онларни туҳфа этди
ЭКОБОЗОРНИНГ ОЧИЛИШИ
унутилмас онларни туҳфа этди
Кеча, 15-ноябр куни Қўшкўпир туман марказида қад ростлаган экобозорнинг тантанали очилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Қудрат Эгамбергенов, туман ҳокими Жўрабек Раҳимов ҳамда нуронийлар, меҳнат фахрийлари, тадбиркорлар ва ёшлар иштирок этдилар. Янги ташкил этилган савдо уйи туман аҳли учун кенг ва чексиз имкониятларни туҳфа эта олади. Энг муҳими эндиликда қўшкўпирликлар бирор маҳсулот сотиб олиш учун вилоятимиз марказий бозорига боришларига ҳожат қолмади, ҳам вақтини, ҳам нақтини тежашади. Бу ерда харидорлар сифатли ва арзон, тоза маҳсулотларни, шунингдек, аёл ва эркаклар кийим-кечаклари, газламалар, қурилиш моллари, электр жиҳозлари, телефон устахонаси, болалар учун юмшоқ ўйинчоқлар, гиламлар, озиқ-овқат ва бошқа турфа хил маҳсулотларни сотиб олиш имкониятига эга бўлдилар. Шу ўринда муҳтарам Президентимизнинг “Тадбиркорлар нафақат ўзини ва оиласини балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади” деган сўзларини қайд этиш ўринли. Тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга эришиб, халқимизга гўзал ҳаётни туҳфа этаётган Бахтиёр Жуманиёзов, Шавкат Раҳимов каби туманнинг энг илғор тадбиркорларини алоҳида эътироф этсак арзийди. Қўшкўпир савдо шўъба корхонаси акциядорлик жамиятига қарашли мазкур экобозорнинг қуриб-битказилиб, тўла ишга туширилишига жами 1 млрд 250 млн сўм маблағ сарфланган.
-АТБ Агробанкнинг Қўшкўпир туман филиали томонидан 300 млн сўм кредит олдик,-дейди тадбиркор Бахтиёр Жуманиёзов.-Қолган харажатларга ўзимизнинг имкониятимиз етгани боис, ишни тез ва сифатли тарзда якунладик. Мақсадимиз, халқимизнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, қолаверса, бозор иқтисодиёти шароитида тенг ва ҳалол рақобат муҳитини яратишдир.
Ушбу экобозорда 70 нафар киши янги иш ўринлари билан таъминланди.