-Йигит кишига қирқ ҳунар ҳам оз,-дея сўзини бошлади Қўшкўпир туманининг Шиҳмашҳад қишлоғида истиқомат қилувчи 1998 йилда туғилган Фарруҳ Омонбоев.-Биз болалигимиздан меҳнатда тарбияланиб келганмиз. Мен энг мазмунли дамларимни устахонамда, яъни, дурадгорлик, ўймакорликка ихтисослашган иш хонамда ўтказаман. Ишлаш, меҳнат қилиш мен учун жуда мароқли кечади. Ишдан бўш вақтаримда китоб мутолаа қилишни яхши кўраман. Бу йил олий таълимга топшириш ниятим бор. Ўтган йили университетга топшириб, киролмаганман. Бироқ умидимни ҳам узмаганман. Шу вақт оралиғида фанлардан чуқур тайёрланиш билан бирга дурадгорлик ишлари билан ҳам мунтазам шуғулланиб келмоқдаман. Бу йил олий таълимга ўқишга қабул қилинсам ҳам ота ҳунаримни асло ташлаб қўймайман.
Фарруҳ Омонбоевни бугун билмайдиган, номини эшитганда танимайдиган инсон кам учраса керак. Чунки вилоятимизнинг ички бозорларига ўз маҳсулотлари билан кириб борган дурадгор ҳали ёш бўлишига қарамасдан ота касбини давом эттириб, ёғоч ўймакорлиги ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бугунги пандемия даврида эса карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ўз устахонасидан иш ўрни яратди ва ўзи тенги беш кишини иш билан таъминлашга эришди. Болалигидан дурадгорликка меҳр қўйган Ф.Омонбоев мактаб коллежни тугатгандан сўнг 5 кишини шогирдликка олган. У бугун анашу шогирдларини малакали, уста дурадгор бўлиб етишганликларидан, меҳнатлари билан халққа хизмат қилаётганликларидан мамнун.
Ҳа, меҳнат кишини улуғлайди. Кўкларга кўтаради. Хор қилмайди. Меҳнат ортидан топилган нон эса тотли бўлади. Фарруҳ Омонбоевга ўхшаган ёшлар туманимизда кўплаб учрайди. Бундай ёшлар эса бугуннинг имкониятлари ва шароитларидан тўғри ва оқилона фойдаланган ҳолда нафақат ўзига наф келтиради, балки халқни боқа олади, кўпларнинг даромадли бўлишига ҳисса қўша олади. Айниқса, пандемия даврида Ф.Омонбоевнинг кўрсатаётган хизматини таҳсинга лойиқ десак арзийди.