ЁЗГИ ОРОМГОҲ
Бугун оромгоҳлар дам олувчилар, яъни, болажонлар учун унутилмас, беғубор ва мароқли дамларни туҳфа этмоқда. Қўшкўпир туманидаги “Ҳумо” ва “Дўстлик” оромгоҳлари бу йил ҳар йилгиданда ўзгача, такрорланмас шароитлар ва қулайликлар билан таъминланган.
“Ҳумо” болалар оромгоҳига ушбу мавсумда 80 нафар болалар қамраб олинди. Улар биринчи навбатда шахсий гигиена ва карантин қоидаларига жиддий амал қилмоқдалар. Яъни, етарлича тиббий ниқоб, антисептик воситалар билан таъминланган.
- Болажонлар учун ушбу масканда барча шароитлар яратиб берилган,-дейди “Ҳумо” оромгоҳи бошлиғи Сайёра Худайберганова.- Болажонларнинг мароқли дам олишлари билан бирга ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, чет тилларини ўрганишга, бу орқали эса дунёқарашини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бир кунда 4 маҳал овқат, эрталабки бадан тарбия, машғулотлар, адабий-бадиий тадбирлар уюшқоқлик билан олиб борилди. Болажонларимизнинг озодалиги, соғлиги, гигиенага риоя қилишлари диққат марказимизда бўлиб, уларнинг тиббий, ҳуқуқи саводхонликлари ошириб борилди.
Болаларнинг дам олишлари намунавий иш режа асосида ташкил этилган бўлиб, доимий тарзда машғулотлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Бу масканда ўтаётган ҳар бир кун алоҳида номланиб, ўзгача таассурот касб этмоқда. Болажонлар 12 кун давомида ўтказган унутилмас онларини “Танишувлар”, “Оромгоҳ очилиши”, “Экология”, “Спорт”, “Ихтиролар”, “Сен туғилган кун”, “Саёҳатлар куни”, “Йўл қоидалари куни”, “Қадриятлар”, “Ёш китобхонлар”, “Кўргазмалар”, “Хайрлашув” деб номлаб, байрамона кайфият, жўшқинлик руҳида ёзги таътилни сермазмун ўтказмоқдалар.
Айниқса, тўгараклар дам олувчиларнинг маънан ва жисмонан кучли бўлишга ундамоқда.
Таътилнинг биринчи мавсуми болажонлар билан хайрлашай деб турган бўлсада, болаларнинг нигоҳида хайрлашиш ҳисси сезилмаяпти.
-Мен ушбу мавсумда кутилмаган таассурот ва тасаввурларга эга бўлдим,-дейди 13 ёшли Бунёдбек Эркинов.-Оромгоҳда мен кўплаб дўстлар орттирдим. Улар билан бирга спорт тўгаракларига, мусиқа, рассомчилик тўгаракларга қатнашдим. Бадиий адабиётлар ўқиб, дўстларим билан фикр алмашдик. Мароқли дам олиб, хордиқ чиқаришимиз, имкониятлардан фойдаланиб, тасаввурларимизни кенгайтиришимиз янги ўқув йилини аъло баҳолар билан бошлашга асос бўла олади.
Ҳа, айниқса, уларнинг беш ташаббус доирасида ўтказган тадбирлари, жумладан, “Эртаклар сўзлаганда”, “Дўстимга совға”, “Мен севган ёзувчи”, “Болалар куйлаганда” танловлари, спектакл лавҳалар дам олувчиларнинг қалбида ўчмас хотира бўлиб муҳрланиб қолди.