Ерни пули юқмади.
Қўшкўпир туманида яшовчи Алишер Раҳимов (исми-шарифлар ўзгартирилган) яшаш уйи яқинидаги қаровсиз бўлган 2,4 минг метр квадрат бўш ер майдонидан оила аъзолари билан бирга экин экиб фойдаланиб келарди.
Уч йил олдин хусусий корхона иш бошқарувчиси Наримон Орипов ушбу ер ўзига тегишли эканлигини ва ердан фойдаланмасликларини талаб қилади ва эгалик қилиш муддати ўтган ҳужжатларини кўрсатади.
А.Рахимов туман ҳокимлигига мурожаат қилганида, ҳокимлик ушбу ер майдони хусусий корхонага қайтариб берилганлиги ҳақида жавоб хати юборади.
Қиш фасли охирида Н.Орипов Алишернинг уйига йўқлаб келади. У ўша ер майдонини А.Раҳимовга 130 миллион сўмга сотмоқчи эканлигини айтади. Ушбу ернинг ҳақиқий эгаси Наримон эмаслигини ва сота олмаслигини билиб, бу ҳақда кейин фикрини айтишини билдиради.
Н.Орипов эса ерни сотишни таклиф қилиб, тез-тез қўнғироқ қила бошлайди. У ер майдонини танишлари орқали нотурардан турарга ўтказиб, номига ҳам расмийлаштириб беришини билдиради.
- Майли, дастлаб олтмиш миллион сўм бераман, - деди А.Раҳимов.
Н.Орипов келиб, Алишернинг автомашинаси олдинги ўриндиғига ўтиради. У ишлов берилган 50 миллион сўм ва 900 АҚШ доллари олган пайтда тезкор ходимлар томонидан ушланди.
Суд ҳукми билан Н.Ориповга нисбатан иш ҳақининг 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Акбар Аминов,
жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир тумани судининг раиси