Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва замонавий намунали оила мезонларини ҳаётга жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 820-сон қарорига асосан “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари” ташкил қилинган.
Марказнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда «Оила — муқаддас», «Соғлом оила — соғлом жамият», «Оила — жамият ва давлат ҳимоясида» ва «Фаровон оила — жамият равнақининг асоси» концептуал ғояларини никоҳланувчиларнинг онгига сингдириб бориш;
- никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича тизимли тайёрлаш;
- оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оилавий ажралишларни олдини олиш, никоҳланувчи шахсларда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантиришдан иборат ҳисобланади.
Қўшкўпир туман Оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан Ёшларни хаётга тайёрлаш борасида ёш келин - куёвлар учун ўқувлар ташкил қилиниб, оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий турмуш психологияси, репродуктив саломатлик асослари, иқтисод ва оила бюджети, ота-оналик ижобий кўникмалари, маънавий-ахлоқий қадриятлар, оилада ота ва онанинг ўрни, келинлик ва куёвлик одоби, соғлом оиланинг шаклланиши, каби мавзуларда машғулотлар ўтказилди.
Ўқувлар жараёнида марказ раҳбари Саробиби Матяқубова, иқтисодчилар, шифокорлар, имомлар, отинойилар иштирок қилиб, ёшларни қизиқтирган саволларига жавоб бердилар. Ўқувлар якунида келин ва куёвларга сертификатлар топширилиб, саполчилик буюмлари совға қилинди.