Бугун мамлакатимизда ёшлар келажагига бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Уларнинг болаликдан таълим-тарбия олишлари, келажакда бирор етук касб ва ҳунарнинг моҳир устаси бўлиб етишишлари учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Уларнинг тақдири Ватанимиз тақдири, юртимиз истиқболини белгилаб берувчи, Ўзбекистонимизнинг байроғини кўкларга кўтарувчи келажак эгалари сифатида эътироф этилмоқда. Президентимиз ҳам ўз нутқларида ифода этган “Мен Сизнинг ёнингизда туриб, камарбаста бўламан!” деб кўзи ёниб турган, билимли, жасоратли йигит-қизлар борлигига ишонаман. Етакчиликнинг, ўз ортидан эргаштиришнинг энг тўғри йўли шахсий ўрнак ва намуна бўлишдир, -деган сўзлари ҳар бир ёш авлоднинг буюк мақсадлари йўлида кенг қанот бағишлайди. Бу сўзлар эса Қўшкўпир тумани ёшлари мисолида ҳам ўзининг амалий ифодасини кўриш мумкин.
Қўшкўпир туман ҳокими Ж.Раҳимов бошчилигида тумандаги мактаб муассасаларида таълим олаётган, касбга қизиқиши бўлган ўқувчи-ёшлар ўз ихтиёри билан тумандаги барча соҳа ва ташкилот раҳбарларига бириктирилди. Дарсдан ташқари уларнинг касбга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида қилинаётган бу каби саъй-ҳаракатлар натижасида ўқувчилар ўзлари ҳавас қилган касбнинг машаққати, масъулияти бор эканлигини, ҳар бир касбнинг етук инсони бўлиш кучли билим, тинимсиз изланиш, ўз устида ишлаш талаб этилишини англамоқдалар.
-Мен ҳокимларга жуда ҳавас қиламан дейди,-2-сон мактабнинг 10 синф ўқувчиси Собиржон Собиров.- Бугун мақсадга эришиш қандай бўлишини янада чуқурроқ англадим. Туманимиз ҳокимининг иш фаолияти билан танишдим. Халқнинг дардини тинглаш, уларнинг муаммоларига ечим топиш, эл орасига кириб бориб, ташвишлантираётган масалаларини тинглаш...бу каби олижаноб фазилатлар негизида жуда катта меҳнат, машаққат, чуқур билим ва теран тафаккур борлигини англадим. Туман ҳокими ёнида ёнма-ён юриш, унинг хонасида бирга ишлаш жуда ҳаяжонли кечди. Раҳбарлик билан боғлиқ жараёнлар менда катта таасурот қолдирди. Ҳақиқатда раҳбарликка бўлган қизиқишим ва меҳрим ошди.
Тумандаги масъул раҳбарлар фаолият олиб бораётган ўз касбларига нисбатан ёшларда катта қизиқиш уйғотишмоқда. Кейин эса бу жараён янада қизиқарли кечади. Яъни, раҳбар қандай бўлиши кераклигини, қандай иш юритиш лозимлигини ўрганаётган, касбга меҳри ошаётган кичик раҳбарлар эндиликда ўзлари оз бўлсада раҳбарлик қобилиятларига эга бўлиб, ўрганганларини раҳбар қиёфасида кўрсатиб беришади.
Ҳақиқатдан ҳам, орамизда жасоратли, эртанги кунига ишонч ва катта мақсад билан қадам қўяётган ёшлар талайгина. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, етакчиликнинг, ўз ортидан эргаштиришнинг энг тўғри йўлини танлаган, шахсий ўрнак ва намуна бўлаётган анашундай раҳбарлар бор экан ёшларнинг келажаги буюкдир.