Уйининг теварак атрофи турфа хил гулларга бурканган Илҳом Қутлимуродов ва унинг турмуш ўртоғи Муяссар Худайбергановаларнинг асосий даромад манбаи гулчиликдан.
-Меҳнат қилсанг роҳатини кўрасан,-дейди Муяссар опа.-Гулчиликка меҳримиз баланд. Эрта тонгдан гулларни парваришлашга отланамиз. Бу бизга илҳом, куч-қувват, кайфият бағишлайди. Мана 4 сотих томорқамизда 100 турдан зиёд гулларни парваришламоқдамиз. Четга чиқиб ишлашнинг ҳожати йўқ. Бир қарич ердан унумли фойдаланиб ҳам катта даромадга эришса бўлади. Шу фаолиятимизнинг орқасидан 2 қизни турмушга узатдик, 1 нафар ўғлимиз ўқияпти, дастурхонимиз тўкин, гуллардан келган даромад билан кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватламоқдамиз. Бугунги кунда хонадон соҳибларининг етиштираётган турфа хил гуллари туманимиздаги барча таълим ва тарбия масканларига етказиб берилмоқда, шунингдек, ички, маҳаллий бозорларимизнинг расталарини тўлдириб турганини кўришимиз мумкин. Хонадон эгалари бугун “Темир дафтар” га киритилган 5 нафар фуқарони ва ишсиз ёшларни бандлиги таъминлаган. 2020 йилда Урганч шаҳрида маҳаллалар ўртасида ўтказилган “Энг гулзор маҳалла” танловида иштирок этиб, ушбу хонадон фахрли 1-ўринни эгаллаган. Шунингдек, Фарғона вилоятида ўтказилган гуллар сайлида ҳам қатнашиб, тажриба алмашиб қайтишган. -Гул ҳам оғир меҳнат талаб қилади. Даромади шунга яраша яхши. Бунинг орқасидан уйли, жойли бўлдик, халқимизга хизматимиз тегяпти. Битта ихчам иссиқхонадан 10–15 миллион сўм даромад олиш мумкин,-дейди оила бекаси Муяссар Худайберганова.-Қўл-оёғи соғ, меҳнатга лаёқатли, бироқ бироз боқимандаликка берилган инсонлардан шуни сўрардимки, кўп эмас, озгина меҳнат қилсак, анашу ҳалол меҳнатимиз бизни боқади. Меҳнатдан ҳеч қачон ҳеч ким кам бўлмаган.