ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТУМАН КЕНГАШИНИНГ ЭЛЛИК ЕТТИНЧИ СЕССИЯСИ
Бугун Халқ депутатлари туман Кенгашининг эллик еттинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессиянинг кун тартибидан ўрин олган бир неча масалалар депутатлар томонидан муҳокама қилинди. Жумладан, туман маҳаллий бюджетининг 2021 йилдаги ижроси юзасидан туман молия бўлими мудири Фарҳод Қурбонбоевнинг ҳисоботи тингланди, “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида “Қўшкўпиртумангаз” газ таъминоти бўлими бошлиғи М.Собиров, “Давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати бўйича” туман адлия бўлими бошлиғи ахборот бердилар. Шунингдек, “Туманда камбағалликни қисқартириш бўйича манзилли дастур ижроси” юзасидан туман ҳокимининг биринчи ўринбосари С.Ўразметов ҳисоботи ҳам тингланиб, депутатлар томонидан муҳокама қилинди. Депутатлар сессия ишида “Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилани “Темир дафтар”га рўйхатга киритиш,.“Темир дафтар”даги оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Саховат ва кўмак” жамғармасига тушган маблағларни сарфлаш ҳамда моддий ёрдам ажратиш, 1-сектор ва 3-сектор ҳудудларидаги ҳозирги кунда ижтимоий аҳволи яхшиланган оилаларни “Темир дафтар”дан чиқариш, маҳаллий бюджетнинг 2022 йил бошига аниқланган эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчиларга маблағ ажратиш тўғрисидаги масалалари ҳам депутатлар томонидан кўриб чиқилди.
Шунингдек, Матназаров Зафарбек Баҳадировични Қўшкўпир тумани ҳокимининг ўринбосари-инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимига тайинлаш тўғрисидаги ҳамда Худайберганова Сайёра Бекбаевнани Қўшкўпир тумани хокими ўринбосари - оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинлаш тўғрисида қарорлари депутатлар томонидан маъқулланди. Сессия якунида кўрилган масалалар юзасидан қарор қабул қилинди.
ҚЎШКЎПИР ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ