Қўшкўпир туманида коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин пайтида аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга енгиллик ва қулайлик яратиб бериш мақсадида эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган, ёлғиз яшовчи кекса инсонларнинг мушкулини осон қилиш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда.
Маҳсулотлар сақланаётган марказ инфекциядан ҳоли қилиниб, у ерда барча турдаги озиқ-овқатлар етарли даражада жам қилинган, қолаверса, ҳомийлар, тадбиркорлар, кўнгиллилар томонидан ўз эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда хайрия сифатида бепул тарқатиш мақсадида маҳсулотлар олиб келинмоқда.
Бугун “Баҳористон”, “Маданият” маҳаллаларидаги хонадонларга гўшт, ун, гуруч, пахта ёғи, асал, мош, картошка, макарон, шакар, сабзи каби 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Аҳоли ушбу хизматдан мамнун.
Ҳа, бундай синовли кунлар, албатта, ўтиб кетади. Ўзбек халқини муаммо ва тўсиқлардан шу нарса қутқарадики, бу ҳам бўлса, одамларнинг ҳамжиҳат ва меҳрибонлиги, софдил ва беғуборлиги, самимий ва саховатлилигидир.
Халқимизда анашундай фазилатлар бор экан, биз ҳеч қачон, ҳеч нарсадан енгилмаймиз!