Интернетдан нотўғри фойдаланиш...
Буни ўқиганлар ҳайрон бўлишлари турган гап, чунки бугунги кунда Интернетдан фойдаланмаган, унинг қулайлигини тушунмаган одамнинг ўзи йўқ. Бироқ унда давом этаётган ахборот ҳуружлари кимларни йўлдан оздирмаган дейсиз? Гап ундан қандай фойдаланишда, бироқ бу барчанинг ҳам қўлидан келмайди.
Минглаган каналлар тарғибот қилади, ўз маҳсулотини, мақсадини, ўзининг турлича ғоя ва қарашларини. Яна минглаган ҳорижий сайтлар қайсидир раҳбарлар ва мамлакатлар хусусида бўҳтонлар тарқатади. Яна кимлардир ўзларининг гуруҳига аъзо бўлганларга пул ва яхши маош таклиф қилишади. Пул тикиб ўйналадиган ўйинларни айтмайсизми? Уларнинг ўйинларига маҳлиё бўлиб, бор-будидан айрилганлар бор. Ғоя ва таклифларига маҳлиё бўлиб, алданганлар ва адашганлар бор. Ўз ҳаётини издан чиқарган, диний экстремистик гуруҳлар домига тушиб қолиб, нотинч мамлакатларда кафансиз кўмилганлар бор. Яна қайсидир сайтлар муаммонгиз бўлса бизга айтинг, ҳал қилиб берамиз деб кўнгилларга қутқу солади. Улар муаммони қандай ҳал қилсин, сиз айтган бирор камчиликни бутунжаҳон бўйлаб ёйиб, ўзингизни ҳам юртингизни ҳам ерга уришга интиладилар. Бебурд ва шарманда бўлганингиз қолади, холос.
Интернет орқали бузғунчи ғояларни тарқатаётган экстремистлар қутқусига учиб, ўзларича ҳижрат қилишга кетиб Сурияда хор- зор бўлиб ўлганлар қанча? Яна бир томони юртимизда бўлаётган ўзгаришларни кўролмасдан тирноқ тагидан кир қидириб, ўзларича танқид қилиб, аюҳаннос солаётганлар ҳам бор.
Ҳа, Интернет дан тўғри фойдаланишни билмаганлар, мафкураси шаклланмаган, тафаккури тор ёшлар унинг салбий томонлари билан дўстлашадилар. Оқибатда эса улар йўлдан адашиб, ёруғ кунларини зимистонга, гўзал турмушларини заҳар-заққумга айлантирадилар. Биз катталарнинг, айниқса ота-оналарнинг бурчи ёшларни маънавий баркамол қилиб тарбиялаш, Интернетдан қандай фойдаланётганини назорат қилиш ва кўпроқ китоблар билан ошналикка ундашдир.