Бу йил Қўшкўпир туманида жами 5 минг та иссиқхона қурилади. Бугун аллақочон айримлари қуриб битказилган бўлса, қолганлари эса якунланиш арафасида. Фаол ва ташаббускор тадбиркорлардан кўпчилиги халқимизга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришни ният қилиб кенгроқ майдонда иссиқхона ташкил қилган бўлса, яна қайсиларидан оила фаровонлиги йўлида ихчам иссиқхоналар барпо қилмоқдалар. Тумандаги энг илғор тадбиркорлардан “Озодбек Азаматбек” фермер хўжалиги томонидан Хадра қишлоғи “Полвон” МФЙ да 1 гектарга мўлжалланган замонавий типдаги иссиқхона ташкил этилмоқда. Қуриб битказилиш арафасида турган ушбу иссиқхонага Миллий банк томонидан имтиёзли кредит асосида 160 минг доллар маблағ ажратилган.
-Бугун мамлакатимизда ҳар бир инсон тадбиркор бўла олади, фақат истак бўлса бас. Бунинг учун эса имконият ҳам, шароит ҳам етарли,-дейди фермер хўжалик раҳбари, тадбиркор Азамат Назаров.-Бир вақтнинг ўзида фермер, бир вақтнинг ўзида тадбиркор бўлиш осон эмас, албатта. Лекин бир мақсад йўлида бир куч бўлиб ишлашдан ортиқ бахт йўқ менимча. Бугун давлатимиз томонидан ҳар бир инсон, айниқса, тадбиркорлар қўллаб-қувватланмоқда, шароитлар яратилмоқда. Имтиёзли кредитлар эса ҳар қандай эзгу мақсадни амалга оширишга асос бўла олади.
Ҳа, бугун узоқни кўзлаб, пишиқ мақсадлар ила қадам ташлаган тадбиркорнинг режалари, мақсадлари бисёр. Мазкур иссиқхонада памидор, бодринг, булгор қалампири, кўкат ва гул кўчатлари парваришлашни йўлга қўйиш мақсад қилинган. Бу эса ички ва ташқи бозор расталарини тўлдириб, халқимиз дастурхонини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга замин яратади. Мазкур иссиқхона фаолияти кенг йўлга қўйилар экан, нафақат маҳсулот етиштирилади, балки кўпгина ёшлар иш ўринлари билан таъминланади.